Facebook
Навоий шоҳбайтларидан PDF Босма E-mail

Бу—юқорида қайд этиб ўтганимиздай, биз одатланган аниқ назаргоҳ,—макон ва замон меъзонларига сиғдириб бўлмас, ғайри шуурий тарзда, руҳоний хилқатда содир этиладиган, том маънода илоҳиёна-фазовий мулоқотдир. Бундай ғаройиб жараён, не ажабки, улуғ шоир-мутафаккир тимсоли мужассами (образи)нинг кутилмаган бир вазиятдаги, шунчалар «ҳақиру фақир», ғояти шикаста ҳол аҳволи руҳияси — биринчи қутб бўлса, иккинчи қутб, аксинча, мислсиз ва ададсиз раббоний қудрат: «алимул-азим» Зулжалол (улуғлар улуғи). имкониятлари ниҳоясиз, дахлсиз мутлақият оламини тасарруф этадики, бу ҳақда ўйлаганда «ақл боши айланади» (Навоий). Бу икки кутб мулоқотини зоҳи-ран, шартли равишда, фақат мавжвар уммону — нажотсиз қатра ёхуд сарҳадларсиз коиноту фоний-ўткинчи лаҳза-муҳлат ичида бор-йўқлиги нотайин омонат зарра билан муқряса қилиш мумкин... Бундайин улуғ тафовутли суҳбат-мулоқот асносида «барчани йўқдан бор» қилгувчи Холиқу қодир-бирламчи омил — «таянч нуқта» бўлса, унинг мажозий суҳбатдоши-шоир «мен»и (гарчанд бизнинг субъектив тасаввуримиз бўйича, бу зоти ки ромнинг руҳий хилқатида мислсиз даҳолик мўъжизаси, сўз сеҳргарига хос фавкулодда салоҳият зимдан сезилиб турса-да, на чораки, ўз мусоҳиби қаршисида зоҳиран қиёслаб бўлмас даражада ожизу нотавондир... Шунга қарамай, ҳазрат Алишер ўзини фидо қилишга тайёр «улуғ муддао» олдида ўртадаги ўзаро нисбатлаб бўлмас тафовутни шундай муқобил тимсоллар орқали ифодалашга журъат топади:

— Қодиро!.. Ул заифи осиймен —
Ки, бошимдин оёқ маосиймен...
Улки, сендек бошимда Холиқдур,
«Мен» демаклик... не беҳаёликдур!?

Беихтиёр савол туғилади: нега энди «шоирлар шоири, мутафаккирлар мутафаккири, валийлар валийси» қилган муножотда бу қадар мужримона узрхоҳликлар («бошдин-оёқ маосиймен» —гуноҳлар мажмуидирман), ҳамин қадар тўзимсиз оҳу фарёд, руҳий изтироб бор?.. Зиддиятлар шиддатини кўринг: «Барчадин шариф» инсонни яратгувчи, алал-хусус, унинг азизу мукаррамлиги ҳаққи, мўъжизалар мўъжизаси — Сўзни кашф этгувчи («Сўз келиб аввал, жаҳонсўнгра...», «Ҳайратул-аброр»дан) ул Холиқул қудрат олдида ўзи бунёд этган мўъжизоту ажойибот олами — уммон қаъридан асл «дурри самин» — «маъни гуҳари», «сўз гуҳари»ни ахтариб топишга журъат этиш, шу хайрли ҳиммат — жасорат самари ўлароқ, дунёда тенги, нисбати топилмас шеърий девонлар, улуғ маснавиёт — достонлар яратишдек комронлик муроди... — ҳаммаси «маломат булбули», ҳақиру бенаво Навоий кўнглида, унинг «замон ва аҳли замон» жабру андуҳи, вафосизлиги олдида... чиндан ҳам беҳуда — абас бир ҳолдир, балким?!.. Бундайин пурдард зиддиятли хаёллар замзамасини, иштибоҳ-изтироб туйғулари туғёни ва поёнини бир қадар умумий тарзда тасаввур қилиш ўзи осон эмас. Зотан, Ҳақ таоло билан ориф инсоннинг ғойибона-руҳоний мулоқоти... фақат набиуллоҳу валиуллоҳ зотларга мушарраф, ноёб бир бахтдир. Не ажабки, ҳазрат Навоий кечирган бундайин ширин изтироб—азобли ўйлар бизга сирли, номаълум руҳий ришталар — илоҳий робиталар орқали боғланмаганмикин?!..

... Нафси амморага ё бўлдум асир?!
Мен нетай, гар сендин будур тақдир?..
Сен ёмон айласанг, мени, не ҳад,
Айламак сендин ўлғон амрни рад?..

Магар охир-оқибат, мудом ўша ададсиз нолавор муножотдан, зоҳиран нажотсиздай туюлган руҳий илтижодан, ҳар қалай, навмидлик туйғуси улуғ зотларга шоён эмас...

Яхшилик қилки, нотавонингмен,
Ямон ўлсам, Сенинг ёмонинг — мен.
Менга не ҳад демак Сенгаки: «Не қил»,
Неки бўлгай санга ризо — они қил!..
Бу янглиғ, моддий назаргоҳ — «олти жиҳат» чегараларини енгиб ўтган, ғайришуурий ҳолатдаги суҳбат-мулоқот тарзидан қатъи назар, аслида «ўз вужудига тафаккур айлаган»

Караминг ганжи — юз жаҳон чоғлиқ,
Баҳри фазлинг — минг осмон чоғлиқ...
Ё раб! Ошуфтамен, фиғонима ет,
Карам айлаб, хатоларим афв эт!..

Биргина охирги мисрада зуҳур этган: «Карам айлаб, хатоларим афв эт!» муножот сўзларининг ахлоқий ибратини, биринчи навбатда, аҳли табъ-фузалою зурафо, зиёли зотлар, жумладан, бугун эл-юрт ардоғидаги шоир-адиб, олиму мунаққидлар «ўз вужудларига тафаккур айлаб» кўрсалар эди! Қанийди?!.. Юқоридаги банд шарҳига қайтамиз: ҳа, пири комил Нуриддин Абдураҳмон Жомий ифтихор ила таъриф қилганидай, ҳазрат Алишернинг исломий эътиқод-эътимоди шунчалар юксак мақомда эдики, Аллоҳнинг «карами ганжи», «баҳри фазли» баро-барида, унинг марҳамат ва мағфират нури ҳам ҳадсиз-ададсизлигини бор вужуди, қалби, руҳиятила англаб етган, идрок этган эди... Шунинг учун ҳам биз сўз даҳосининг иғроқ, каби махсус муболаға усулидан самарали фойдаланганидан ҳеч ажабланмаймиз:

Юз жаҳон журмум (гуноҳим) ўлса хам — не бок?
Баҳри афвинг қошиндадур —хошок.
Хаста кўнглум ишига сомон (чора) эт,
Талабинг дардини анга дармон эт!..

Шу тариқа, Ҳақ марҳаматидан умид ва нажот топган, сувратда шикаста ҳол, нотавону бесомон, сийратда мислсиз ирода соҳиби—улуғ мутафаккир кўнглидаги, эҳтимолки, бизга зоҳи-ран иштибоҳли туюладиган маҳзуну ҳазин кайфият ўша руҳий-самовий мулоқрт жараёнининг аввалги ҳолатидан аста-аста кўтарила, тарқала бориб, яна «Тангри эҳсони» бўлмиш яратиш дарди, рағбати самари — «буюк муддао» изланишлари уни батамом банд этади...

Манга Тенгридин бўлди рўзи ком —
Ки, ҳар ишгаким айладим эҳтимом (киришмоқ).
Кўруб Тенгри лутфин фалак чоғлиқ,
Нечук қилмай ўтруда туфроғлиқ?!...

Бунингдай қутлуғ ва улуғ бахт — «рўзи ком», «ҳар ишга» кушойиш бахш этувчи илоҳий Қудрат ўзи ёр, малоикаю фаришталар, руҳлар — увайс (ўтган) ва мудом ҳамнафас пирлар мададкор бўлгани учун ҳам бамисли «кунда юз байти ҳалво» бўлган, шавқу рағбат жўш урган ижодий жасорат кайфияти-ла ҳазрат Алишер (унинг мажозий каҳрамони — мутафаккир-шоир тимсоли) энди ортиқ хоксорлик — «туфроғлиқ» ҳолатини кечирса не ажаб?..

...Неча шукрига сажда ҳилсам нажанд (қуйи) —
Мени чунки (ҳақ) айлар фалакдин баланд!..
Улуғ комлардин эдим бахтиёр —
Ки йўқ эрди анда манга ихтиёр!..

Ва ниҳоят, ўша беҳад шукрона туйғулари мантиқан изҳори ифтихор — фахрия заминига айланади, айни чоғда, бу яна зиёдроқ илҳомий ҳолатга бадал бўлади — янги ижодий изланишларга ундайди. Шу тарзда аста-аста «улуғ муддао» — шоҳ, асарлар бунёд этиш истак-иштиёқи шоирнинг борлиғини банд этади:

Не майдон аро сурсам эрди саманд,
Ҳавосин кўнглум қилмас эрди писанд.
Бу андешадин эрди кўнглумда шайн (ғашлик) —
Ки бўлди кўнглум мойили — «Хамсатайн»...

Илло, устоз салафларнинг улуғ «Хамса»лари («Хамсатайн») фақат мазмун-маъно ва қадр-баҳода нисбати йўқ. достонларгина эмас, балки ўзининг ҳудудий миқёсила «икки жаҳон» моҳияти ва сабабиятидан баҳс қилувчи тақдир китоблари, беназир бадиий солномалар эдики, улар кўтарилган улуғ мартаба мақомидан туриб, Навоийнинг «Алишерий» тахайюл ва таҳайюр кўзгусида янги мўъжизоту ғаройиботоламини, жумладан, дунёвий ажойибот мулкини кашф этди:

Чу машғул ўлдум тамошосига,
Ўтуб води-ю тоғу дарёсига...
Жаҳоне кўрунди кўзумга ниҳон,
Ниҳон, балки, ҳар байти ичра — жаҳон.
Қаю гўшаким нозир ўлдум даме,
Назарга эди жилвагар оламе...

На хуш ва не ҳайратки, Ҳақ насиб айлаган ўша «рўзи ком — улуғ муддао», эзгу мурод ҳосил бўлмоғи энди ортиқ шубҳага ўрин қолдирмайдиган нафақат самарадор, айни равнақ босқичига кўтарилган, балки мавжвару пурвикор пардага кирган ғаройиб дамларда ҳам, табиийки, яратиш дарди-ю шавқи — фақат улуғ шоир ўзи биладиган нурли азоблари, изтиробли сурури ҳазратни бир нафас тарк этмаган:

Қилиб бу даъвою лофиини ҳам.
Соғиниб бурун дер ғазофим (беҳуда ўйлар)ни ҳам,
Уятга солиб бўйла ҳолат мени.
Ҳалок айлабон хижолат мени...
Гахе дебки: «Йўқ дахли имкон мунга,
Тасарруф қала олмоқ инсон мунга.
Ўзимдин ишим яъси (навмидлик) жавид ўлуб,
Ишимдин кўнгул доги навмид ўлуб...

Фақат даҳо санъаткорлар ўзларича кечириб ёхуд нуктадон билимдонликда мураттабу ҳассос тадқиқотчилар ўзларича мушоҳада ва идрок эта оладиган бундоқ ғаройиб хол: дам-ижодий юксакликлар сари кўтарилиш, дам гўёки унумсиз тушкин кайфият; гоҳ улуғ зафарларга мушарраф бўлмоққа комил ишонч туйғуси, гоҳ, аксинча, ўзига ишончсизлик, иккиланиш—иштибоҳ зиддига, нафақат миллий тафаккур жавлонгоҳининг марди майдони, туркий «тил лашкарининг паҳлавони», балки «фасоҳат мулкининг соҳибқирони», тиниму ором нималигини билмаган буюк заҳмат-кашнинг азалий ва ногаҳоний зиддиятлардан холий бўлмаган шахсий хаёти ва ижтимоий фаолиятида... ўзига ҳар дам, ҳар жойда ёлғиз Аллоҳни ёру нажоткор, Қалам маъбуди Аторудни ва барча пири комил зотларни руҳий мададкор билиб, мудом ижод, яратиш дарди, шавқи — рағбатига содиқ қрлди...
Мана ҳамишалик таомил деб билгани — холисона ҳаққонийлик, халқона зидциятли ҳикмат «(яхши-ёмон») ила жозиб, анде-ша ва самимият жавҳари-ла йўғрилган бошқа бир банд:

... Ҳам ёмоним лутф ила яхши қил,
Бўлди чу ул яхши — қабул айлагил.
Яхши гар ўлмаса, ёмон хам эмас,
Ёмонин ким яхши бўлса... демас?

Истеъдод қудрати, ижодкор шахсининг улуғлиги шундаки, у ижодца ҳамиша халолликни холисона ҳукмни дастурил-амал деб билади, содир этиладиган хато-нуқсонтарни кўриб-билиб тургувчи олий Ҳакам, энг улуғ мунакқид ҳам Аллоҳнинг ўзидир; бас, Навоийнинг ижодий эътақоди ва эътимоди—Ҳақнинг иноят ва хидоят йўлидир:

...«Ҳар не килким вараққа ё'зди бу кун —
«Қилки тақдир» ёзмиш эрди бурун...
Сен не ёздинг — ани рақам қилдим,
Шак эмасдурки, саҳв хам қилдим...

Айни шу холисанлилло муносабат — ҳақиқат ва самимият пардасида мусулмони комил («одамийлар оламийси»)нинг, майли, иштибоҳли иқрори — «саҳв ҳам қилгани»... мантиқан ҳазрат Навоийнинг ҳ.али навқирон йигитлик йилларидаёқ. кўнглига битган «улуғ муддао» йўлида янги музаффар манзиллар шукуҳи, том маънода юксак мукофот — шоир «сўзи»нинг «овоза»си яна-да баравж, «юз»нинг яна-да ёруғ бўлишига умидворлик, комил ишонч омилига айланади:

Илоҳий!.. Боқмагил — мажнунлигимга,
Карамдин чора қил маҳзунлигимга..
Иноят айнидин хомам сари боқ,
Қизил айла — юзум, номамни хам оқ.
Юзум лутфинг суйидин тоза килгил,
Сўзум кўсин баланд овоза қилгил...
Майи нутқум тарабхез айла, ёраб,
Найи килким шакаррез айла, ёраб!

Бу — «муножот» шакли — андозасида зуҳур этган, аслида улуғ ижодхонага ўзгача файзу виқор, илоҳий моҳият, чинакам руҳий-руҳоний салоҳият, пурмаъно фалсафий қиммат, Навоийнинг бадиият, санъат — Сўз хазинасига бирламчи жозиба — мантиқий қувват бахш этади...

Ботирхон Акрамов

 

Савол беринг


Ҳимоя коди
Янгилаш