Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоийнинг диний ва тасаввуфий асарлари
Facebook
Алишер Навоийнинг диний ва тасаввуфий асарлари PDF Босма E-mail

Давлатшоҳ Самарқандий Алишер Навоийни “Мир Низомиддин”, яъни “диннинг низоми – қонуни” деб бежиз улуғламаган. Ҳазрат Навоийнинг деярли барча асарларида, хусусан, “Хамса” достонларининг муқаддималарида Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарга наът, муножот ва Расулуллоҳ с.а.в мадҳининг мавжудлигиёқ бу фикрни тасдиқлайди. Биз қуйида кўриб чиқадиган асарларда Алишер Навоий шариат ва тасаввуф илмининг чуқур билимдони, назариётчиси сифатида намоён бўлади.

“Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) – ҳадисларнинг шеърий таржимаси бўлиб, анъанавий ҳамд ва наът билан бошланади. Асар муқаддимаси – “Сабаби таълифи манзума”да Навоий устози Абдураҳмон Жомий саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини танлаб олиб, форсий тилда “Арбаъин” яратганини, лекин туркий китобхон бу чашмадан бебаҳра эканлигини айтиб, Жомийнинг рухсати билан шу 40 ҳадисни туркий тилга таржима қилганлигини ёзади:

Форсийдонлар айлабон идрок,

Орий эрди бу нафъдин атрок.

Истадимки, бу халқ ҳам бори

Бўлмағайлар бу нафъдин орий.

Мен демакни чу муддао айлаб,

Ул ижозат бериб дуо айлаб.

Шунингдек, муқаддимада Навоий Жомий ўз асарини ҳижрий 886 (милодий 1486) йилда яратганлигини, у ҳам тез орада устозидан ижозат олиб, асарни бир-икки кун ичида тамомлаганини айтади:

Бир-ики кунки эҳтимом эттим,

Кўз тутардин бурун тамом эттим.

Ушбу маълумотдан Алишер Навоий ўз асарини Жомий билан бир даврда яратган деган хулосага келиш мумкин. Шоир Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларини аввал араб тилида беради ва унинг таржимасини шеърий усулда тақдим этади.

“Арбаъин”нинг асосий қисми “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча, чин мўъмин бўлолмайди” деган машҳур ҳадиснинг навоиёна талқини билан бошланади:

Мўъмин эрмастур, улки иймондин

Рўзгорида юз сафо кўргай.

Токки қардошига раво кўрмас –

Ҳар неким ўзига раво кўргай.

Танланган ҳадисларнинг деярли барчаси комил инсон ахлоқига оид қарашларни ўзида акс эттирганини кўришимиз мумкин. Бу ҳадисларда инсонлар яхшилик қилишга чорланади, ёмон иллатлардан қайтарилади, умуман олганда, улар инсоннинг ҳаёт ва жамиятдаги вазифасини англатади. Масалан, “Инсонларнинг энг яхшиси – инсонларга фойдаси тегадиганидир” деган ҳадисни Алишер Навоий туркий тилда шундай ифода этади:

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?

Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.

Яхшироқ бил ани улус ароким,

Етса кўпрак улусқа нафъ андин.

Кўриб ўтганимиздек, ушбу шарҳ орқали инсоннинг улусга – жамиятга хизмат қилиши улуғланяпти. Машҳур “Курашда ғолиб чиққан паҳлавон эмас, балки ғазаби келганда ўзини енга олган одам паҳлавондир” ҳадисини шоир шундай талқин қилади:

Эмас ул паҳлавонки ўз қадрин

Бош уза элтибон нигун қилғай.

Паҳлавон они билки етса ғазаб

Нафси амморани забун қилғай.

Мазкур ҳадис инсонни ўз нафси – ғазаби устидан ҳокимлик қилишга чақиради. Алишер Навоий буни таржима қилиш орқали киши жаҳлга қул бўлиб қолишдан сақланиши кераклигини эслатяпти.

Умуман олганда, “Арбаъин” асари инсоннинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади. Бу ҳақда шоир асарнинг хотима қисмида айтиб ўтади:

Эрур ул арбаъиннинг аввали ҳол,

Айла бу “Арбаъин” била аъмол.

Асарнинг умумий ҳажми 108 байтдир. Эътиборли жиҳати, кириш (ҳамд ва наът) ва якуний қисмлар бир хил – 5 байтдан иборат.

Асосий қисмда келтирилган шеърлар шакл жиҳатидан қитъа сингари бўлиб, бунда фақат жуфт мисралар қофияланган ва тоқ мисралар очиқ қолдирилган:

Тенгридин раҳм агар тамаъ қилсанг,

Аввал ўлмоқ кераксен элга раҳим.

Ҳар кишиким улусқа раҳм этмас,

Анга раҳм айламас раҳими карим.

“Арбаъин” хафиф баҳрининг хафифи мусаддаси солими махбуни маҳзуф ёки мақтуъ (рукнлари ва тақтеъи: фоилотун мафоилун фаилун ёки фаълун – V – – / V – V – / V V – ёки – –) вазнида яратилган.

Алишер Навоийнинг ”Вақфия” асари 1481-82 йиллар оралиғида яратилган бўлиб, Навоийнинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти, вақф қилдирган ерлари, қурдирган бинолари ҳақида маълумот берувчи асардир[1]. “Вақфия” Ҳамд, наът ва Султон Ҳусайн Бойқаро мадҳини ўзи ичига олган каттагина муқаддима билан бошланади. Асарнинг асосий қисмини шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин:

1.Навоийнинг Султон Ҳусайн Бойқаро саройидаги давлат арбоби сифатидаги фаолияти акс этган ўринлар.

2.Навоийнинг хайрия ишлари ва вақф қилдирган мулк, ерлари; вақфия жойлардаги идора усули, хизмат учун белгиланган лавозимлар, тайин этилган маош, ўрнатилган тартиб-қоидалар баёни.

Ҳар бир қисм муайян тарздаги муқаддима ва хотимани ўз ичига олади.

Асарда Навоийнинг мамлакат ободлиги ва эл-юрт фаровонлигига доир муҳим фикрлари ҳам ўз ифодасини топган:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас.

То зулму ситам жониға бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Алишер Навоийнинг “Назму-л-жавоҳир” асари насрий усулда ёзилган муқаддима ва Ҳазрати Алининг икки юз эллик беш рақам остида тартибланган араб тилидаги ўгитларининг туркий тилда рубоий шаклида берилган талқинидан иборат.

Асар муқаддимаси ҳамд ва наът билан бошланиб, унда сўз ва унинг қудрати, инсон яратилиши билан боғлиқ диний-тасаввуфий қарашлар баёни келтирилади. Шунингдек, шоир “Назму-л-жавоҳир”нинг ёзилиши билан боғлиқ маълумотларга тўхталади. Ҳар бир фикр сура ва ҳадислардан парчалар келтириб исботлаб борилади, уларнинг таъсирчанлигини ошириш учун тўрт мисраси ҳам қофиядош – таронайи рубоийлардан фойдаланилади.

Шунингдек, муқаддимада шоир анчадан буён Ҳазрат Алининг ўгитларини шеърга солмоқчи бўлиб юрганини, лекин негадир бунга журъат қила олмаётганлигини айтади. Шоҳ Ҳусайн Бойқаро “Рисола” битгач, унга жавоб тариқасида ушбуни ёзишга қарор қилади. Айнан “Насру-л-лаолий”ни Ҳусайн Бойқаро рисоласига жавоб тарзида таржима қилишида ҳам маъно бўлиб, бу Ҳазрати Алининг Ислом оламида тутган юксак ўрни билан изоҳланади. Ҳусайн Бойқаро даражаси Ҳазрати Алининг мақоми билан қиёс этилади. Бундан ташқари, ўша даврда Ҳазрат Али ҳикматлари форсий шоирлар томонидан назмга солинган бўлиб, Алишер Навоий улар билан яхши таниш бўлган ва бу анъанани туркий тилда амалга оширишни мақсад қилган[2].

Алишер Навоий шоҳнинг саховатини, адолатини меҳр билан таърифлагач, Ҳазрат Али ўгитлари талқинларини рубоий тарзида беришини маълум қилади. Мазкур рубоийларнинг тўрт мисраси ҳам қофиядош бўлишида рамзий маъно бор: шоҳ тахтининг тўрт пояси уни кўтариб туради, Каъбатуллоҳни биз тўрт девори бўлганлиги учун тасаввур эта оламиз, фалакнинг тўртинчи қавати қуёшнинг масканидир ва бошқалар:

Ҳар бирини тўрт дурри шаҳвор дегил,

Тўртунчи фалакда меҳр заркор дегил.

Рубъи маскунда Каъбаи осор дегил,

Байтул муқаддасқа тўрт девор дегил.

Сўнг Ҳазрат Алининг ўгитлари “Насру-л-лаолий” (“Сочма дурлар”) деб аталган бўлса, бу таржима “Назму-л-жавоҳир” (“Назм жавоҳирлари”) деб номлангани айтилади, бу сочма дурларни бир риштага – ипга жавоҳир сингари тизилганига ҳам ишорадир ва шоир ушбу байтларини халқ учун манфаатли ва ёқимли бўлишини илтижо қилган мазмундаги 3 рубоийи тароналарини илова қилади.

Асарнинг асосий қисми ўзига хос тузилишга эга. Даставвал, ҳазрат Алининг араб тилидаги фалсафий ўгитлари келтирилади, сўнг эса туркий тилда рубоий шаклидаги талқин берилади. Биз бу ўринда таржима эмас, кўпроқ талқин атамасини ишлатяпмиз. Чунки Алишер Навоий тўғридан-тўғри таржимани эмас, балки бадиий жиҳатдан бойитилган фикрларни тақдим этади.

“Назму-л-жавоҳир”даги рубоийлар мавзу жиҳатдан ранг-барангдир. Уларда биз ҳаётнинг моҳияти, дўстлик ва севгининг улуғворлиги, инсонийликнинг қадр-қиммати тўғрисидаги нодир фикрлардан баҳраманд бўламиз. Масалан, 100-рубоийга ҳазрат Алининг “Дўстларни зиёрат қилиш муҳаббатни оширади” деган ўгитлари асос қилиб олинган:

Ҳар кимки ҳабибинг ўлса эврул бошиға,

Маҳв ўл юзиға, жонни фидо қил қошиға,

Тош урса, равонингни туфайл эт бошиға,

Таждиди муҳаббат англа бормоқ қошиға.

Кўриб турганимиздек, Навоий ҳазрати Алининг фикрини талқин қилиш баробарида бу фикрни тўлдириб, таъсир қувватини оширувчи ёндашувни беряпти: “Ким дўстинг бўлса, унинг бошига айлан, яъни ҳар бир хаёлу ўйидан хабардор бўл, дийдори учун, қошига бориш учун жон фидо қил. Агар тош урса ҳам унга ўзингни бағишла, унинг қошига бориш муҳаббатни зиёда қилишини англа!”

Ёки 237-рубоийда “Кишининг улуғлиги унинг ҳимматидан билинади” деган фикр шарҳланади:

Ҳар кимсаки иқбол анинг ёваридур,

Ҳар ёнки юз урса, ҳиммати раҳбаридур,

Ҳиммат дури фахр тожининг гавҳаридур,

Чун ҳиммати одам ўғлининг сарваридур.

Умуман олганда, Алишер Навоий “Назму-л-жавоҳир” асарида ўзининг дунё ва ҳаёт ҳақидаги фалсафасини янада аниқроқ шаклда юксак бадиий маҳорат билан намоён қилади. Биз бу асар орқали шоирни файласуф-донишманд қиёфасида кўрамиз.

Алишер Навоийнинг “Сирожу-л-муслимин” (“Мусулмонлар нури”) асари соф диний йўналишда бўлиб, ислом дини аҳкомларини ёритишга бағишланган. Асар маснавий шаклида ёзилган бўлиб, ҳажман 197 байтдан иборат. “Сирожу-л-муслимин” ҳамд ва наът, китоб ёзилишининг сабаби, исломга оид фиқҳий ва ақидавий масалалар шарҳи ва хотимани ўз ичига олади.

Ҳазрат Навоий, аввало, Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га салот ва саломларини йўллагач, мазкур китоб назмининг сабаби баёнига ўтади. Даставвал султон Ҳусайн Бойқарога чексиз ҳурматини изҳор этиб, бир воқеани баён қилади. Унга кўра, шоҳ мажлисларидан бирида бир нуктадон инсон Ҳусайн Бойқарога: “Навоийнинг шеърлари жуда ажойиб, ундан баҳраманд бўлган одам яна баҳра олмоқни хоҳлайди, лекин бундан не фойда бор?”, – деган маънода фикр билдиради. Аслида шоир кўпдан буён фиқҳ ва ақидага доир асар ёзишни ният қилиб юрардию, азбаройи юмуш кўплигидан бунга фурсат тополмаётган эди. Самарқанддан бир улуғ инсоннинг Ҳиротга ташриф буюриб, пири муршид Хожа Аҳрор Валийнинг шоирдан диний масалалар шарҳини ёритувчи китоб ёзишни сўраганини айтганидан сўнг Алишер Навоий катта иштиёқ билан ишга киришади:

...Чу сўрди Исо анфоси бу дамни,

Ҳам ул дам азмиға йўндум қаламни...

Алишер Навоий “Китоб назмининг сабаби” қисмида аввал ақида шарҳини, сўнг фарз, вожиб, суннатни баён этишини, бундан аҳли исломга фойда бўлишини айтади:

...Ҳам эткаймен бурун шарҳи ақойид,

Ки, ислом аҳлиға бергай фавойид.

Яна ҳам фарз, ҳам вожиб, сунан ҳам,

Неки ориз бўлур яхши, ёмон ҳам...

Асарнинг асосий қисмида Алишер Навоий ўзи айтганидек, даставвал ақоид ҳамда шариат ҳукмлари шарҳига тўхталади. Бунда шоир ислом аҳкоми икки қисм: ақида ва амал (шариат)дан иборат деб ёзар экан, ақида пок бўлмаса, амалнинг аҳамияти юқори бўлмаслигини таъкидлайди.

Алишер Навоий иймон шартлари сифатида Аллоҳнинг биру борлигига, фаришталарга, илоҳий китобларга, пайғамбарларга, охират кунига, қадар – тақдирга ишониш кабиларни санаб ўтади.

Кейинги қисмда шоир Аллоҳнинг сифатларини баён этади. Унга кўра, мўмин инсон Аллоҳнинг замон ва макондан муназзаҳ – холи эканига, шериги йўқлигига, унинг безавол илмига, эшитиш ва кўришига, каломига, тақдир эгаси эканига ишониши шарт. Ҳазрат Навоий, шунингдек, Аллоҳнинг ўхшаши йўқ, унинг қудрати ҳар қандай жисмдан холи бўлиб, бандалар каби эҳтиёжманд эмасдур деган ислом ақидасидаги фикрни уқтирар экан, бунга исбот тариқасида “Шўро” сурасидаги 11-оятни келтиради.

Кейинги бобда шоир ислом ақидасидаги – қабр азоби, қабрдаги савол-жавоб, сирот кўприги, тарози, дўзах, жаннат, Расулуллоҳ с.а.в. шафоати, набийлар мўжизалари, авлиёлар каромати ҳақ эканини таъкидлайди ҳамда коҳин[3]ни тасдиқ этиш куфр эканини ҳам айтиб ўтади.

Ислом ақидаси шартлари баёнидан сўнг Алишер Навоий ислом аҳкомларини ёритади. Бунда шоир ислом дини фарзлари – таҳорат, ғусл, намоз, закот, рамазон рўзаси, ҳаж билан боғлиқ шариат ҳукмларини батафсил баён этади.

Асарнинг хотима қисмида шоир ўз манзумаси инсонлар учун фойдали бўлишидан умид қилиб, мусулмонлар дилини равшан этсин, дея бу китобга “Сирожу-л-муслимин” (“Мусулмонлар нури”) деб ном қўйганлигини айтади.

“Асар арузнинг ҳазажи мусаддаси маҳзуф (мафоийлун мафоийлун фаувлун, чизмаси: V – – –/ V – – –/ V – –) вазнида ёзилган.

“Муножот” – Оллоҳга илтижо тарзида яратилган насрий асар бўлиб, “Ҳамд”, “Наът” ва “Муножот” деб аталган уч қисмни ўз ичига олади. “Ҳамд”да Аллоҳнинг буюклиги, абадийлиги ҳақида сўз борса, “Наът”да Пайғамбаримиз расули акрам таърифлари кетирилади. Асарнинг “Муножот” қисми бевосита шоирнинг Аллоҳдан нажот сўраб қилган илтижоларига бағишланган. Асарнинг ҳар бир жумласи Аллоҳга мурожаат, яъни “илоҳи” сўзи билан бошланади. Навоий ўзини беҳад гуноҳкор, яратганни пок ва акрам (карамли), ўзини чексиз исёнкор ва Холиқни раҳмли ва меҳрибон деб атар экан, ички қофия, тазод, иштиқоқ санъатларининг бетакрор намуналари шоир ҳис-туйғулари билан уйғунлик касб этганлигини кўрамиз:

Илоҳи, акрам ул-акрамин – сен ва мен – гуноҳкор.

Илоҳи, арҳам ар-роҳимин – сен ва мен тийрарўзгор.

Илоҳи, агарчи журму исёндин ўзга ишим йўқ, аммо сендин ўзга ҳам кишим йўқ...

“Муножот” асари моҳиятан Ҳақ васлига ташна, орифлик мақомига эришган ошиқнинг ҳиссиётларини ўзида акс эттириб, жанрий жиҳатдан назм ва наср хусусиятларини намоён қилади. Асарнинг ўзига хос мусиқий оҳанги, сажъ усулидан маҳорат билан фойдаланилганлиги унинг бадиий жиҳатдан қийматини оширган, деб айтиш мумкин. Мазкур асар ўзининг ғоявий ва бадиий хусусиятлари билан мумтоз адабиётимиздаги шоҳ асарлари сифатида ўз ўрнига эгадир.

Алишер Навоийнинг тирандозлик – камондан ўқ отиш фазилатига бағишланган “Рисолайи тийр андохтан” рисоласи ҳар бир фикрнинг соф диний далиллар – ҳадис ва ривоятлар билан изоҳланганлиги билан алоҳида характерланади. Рисола ҳажман кичик, муаллиф бунда камондан ўқ узишнинг қанчалик савобли амал эканини асослашга эътибор қаратади.

Рисолада бир нечта ҳадис ва ривоятлар келтирилган бўлиб, улар қуйидагилардир[4]:

· Ҳазрат Одам Ато алайҳиссалом шайтон ҳийласи билан жаннатдан ерга туширилгач, Аллоҳнинг амри билан деҳқончлик қилади – буғдой экади. Аммо қарғалар экилган буғдойни кавлаб еб қўя бошлагач, Худога муножот қилади. Шунда Худо камон ва ўқ юборади. Ёйдан ўқ отишни фаришта Жаброил (алайҳиссалом) Одам алайҳиссаломга ўргатади. Одам Ато алайҳиссалом қарғаларга отган биринчи ўқи тегмайди, фаришта Жаброил алайҳиссалом табассум қилади, иккинчи бор отилган ўқ нишонга тегади, шунда Жаброил алайҳиссалом ўз табассумини қўйидагича изоҳлайди: “Агар илк ўқинг нишонга текканида қиёматгача ҳеч нарса болаларинг қўлидан қутулмас эди”.

Шундан кейин ҳазрат Навоий ўқ отишни Худонинг лутфи, Одам Сафий алайҳиссаломнинг мўъжизаси деб хулоса қилади.

· Шайхлардан Шафиқи Балхий жон бериш чоғи ўқ-ёй олиб келиб ўқ отади. Дўстлари буни кўриб “Шайх шифо топибди” деб хурсанд бўлдилар. Шунда шайх ўз ҳолатини: “Умрим охирлабди, шунда бир яхши амал қилгим келди. Бирор амални ёйдан ўқ узишдан кўра яхшироқ деб топмадим. Чунки ўқ отишда савоб кўп”, – деб изоҳлайди.

· “Кимки, камончиликни ўрганиб, сўнг тарк этса, суннатимдан юз ўгирган ҳисобланади. У мендан эмас”.

· Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам камончиликнинг фазилатини кўп айтдилар. Саҳобалар камондан ўқ отишнинг савобини қанча миқдорда едб сўрадилар. Шунда У Зот алайҳиссалом: “Агар камончиликнинг савобини айтсам, халқ тирикчиликни ташлаб, камондан ўқ отишга берилиб кетади. Бир соат ўқ отишнинг савоби эллик йиллик тоат савоби билан тенгдур. Агар ким ўқ отса, Аллоҳ унга жаннатийлар савобини беради, нишонга тегизса, жаннат эшигини очиб, бир ҳурни унга атайди”.

· Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом борар эдилар. Саҳоба Саъд Ваққоснинг ўз фарзандларига камондан ўқ отишни ўргатаётгани устидан чидилар. Расулуллоҳ томоша қилиб турдилар. Шу пайт бир йигит келиб, ёйан ўқ узди. Расули Акрам саллолоҳу алайҳи ва саллам хушнуд бўлдилар. Саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида: “У йигит келганида гуноҳлари кўп эди, ўқ отди – гуноҳлари тўкилди, шунинг учун шодландим”, – деб изоҳ бердилар.

· “Агар бир жойга масжид қуриладиган бўлса, у ер менда масжид қурадилар деб 40 йил олдин шодланади. Агар бир ерда ўқ отиладиган бўлса, у ер менда ўқ отилади деб 80 йил илгари хурсанд бўлади”.

· Али каррамаллоҳу важҳаҳу гоҳо яланг бош ва яланг оёқ ўқ келтирар эдилар. Бир куни Саъд Ваққос ўқ отар эдилар. Жаброил алайҳиссалом келдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом мен учун ўқ от дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом мен учун ҳам Саъд ўқ отсин деди. Саъд Ваққос ўқ отдилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом Худойи таоло номи учун ўқ отгил дедилар. Саъд ўқ отдилар. Саҳобалар нишонга бориб, икки ўқни топиб, учинчисини тополмадилар. Жаброил алайҳиссалом айтдиларки: “Ё Муҳаммад, у ўқни топмасинлар. Бу ўқ жаннатда Саъд Ваққос учун ер олиб турибди”.

Кўриб ўтганимиздек, Навоий камондан ўқ отишнинг қанчалик савобли амаллардан эканлигига асосий урғуни қаратади. Бу бежиз эмас, чунки ўрта асрларда юрт ҳимояси аскарларнинг фидойи ва жасурлиги ҳамда бевосита қуролларни, айниқса, камонни маҳорат билан ишлата билиши билан таъминланган. Мазкур асар Ватан ҳимоясига чоғланган йигитларни ўз ишларининг Тангри ва пайғамбар томонидан севилган, маъқул кўрилган амал эканлигига ишонтиришга хизмат қилган.

“Рисолайи тийр андохтан” асари фақат диний далиллардан иборат ҳамда баён тилининг бошқа илмий асарларидан содда ва тушунарли эканлиги, бадиий бўёқдор эмаслиги билан алоҳида характерланади. Бу ҳам асарнинг омма учун махсус бағишланган дейишга асос беради.

Алишер Навоийнинг “Насойиму-л-муҳаббат” (тўлиқ номи “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” – “Мардлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шабадалари”) асари 1495-96 йилларда яратилган бўлиб, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазароту-л-қудс” (“Дўстлик таровати”) асарининг ижодий таржимасидир.

Асарнинг танқидий матни муаллиф яшаган даврда кўчирилган нусха асосида 1996 йил Туркия (Анқара)да Камол Эраслон томонидан яратилган. 2011 йил навоийшунос олим Ҳ.Исломов ҳам мазкур асарнинг илмий-танқидий матнини яратиб, чоп қилдирди.

Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида 616 та шайх ҳақида маълумот келтирилган. Ҳазрат Навоий бу маълумотларни қайта ишлаб, тўлдириб, шайхлар сонини 770 тага етказади, улардан 35 тасини авлиё аёллар ташкил этади.

Адабиётшунос олим Н.Рамазонов “Насойим”нинг ўзига хос хусусиятларига доир” мақоласида[5] “Насойиму-л-муҳаббат” ва “Нафоҳату-л-унс”ни қиёслар экан, ҳазрат Навоий тазкиранинг кириш қисмини таржима қилмасдан ўзи ёзганини маълум қилади.

“Насойиму-л-муҳаббат” муқаддима (ҳамд, наът ва асар ёзилиш сабаби, “Бу тоифа муқаддима тамҳиди”, “Бу тоифа аъмолу афъоли ва муомилату риёзотидин баъзини зикр қилмоқ”), 770 шайх зикрини ўз ичига олган асосий қисм ва хотимадан иборат.

Ҳазрат Навоий асарнинг ёзилиш сабаблари ҳақида тўхталар экан, Жомий ва ўз тазкираси ўртасидаги фарқларни айтиб ўтади. Унга кўра:

- “Нафоҳату-л-унс”да Фаридиддин Атторнинг “Тазкирату-л-авлиё” асаридаги баъзи авлиёлар тушириб қолдирилган, Навоий эса уларни ўз тазкирасида зикр қилган;

- Жомийда ҳинд ва турк машойих (шайх)ларига кенг ўрин ажратилмаган, лекин ҳазрат Навоий мумкин қадар уларнинг барчасини ўз асарида акс эттиради;

Шунингдек, шоир “Насойиму-л-муҳаббат”да Абдураҳмон Жомий ва унинг замондоши бўлган валий зотлар ҳаёти ва фаолиятини ҳам ёритганини маълум қилади.

“Бу тоифа сулукида муқаддима тамҳиди” деб аталган қисмда Навоий инсон яратилиши сабаби, Аллоҳнинг ҳикмати, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳаққа ҳабиб эканлиги билан боғлиқ тушунчаларни баён қилади. Алишер Навоий Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг пайғамбарлик эшиги беркитилган бўлса-да, мўминлар пок эътиқод, тақво билан Аллоҳга дўстлик – валийлик мақомига эришишлари мумкин, чунки “Олимлар – пайғамбарларнинг ворисларидир”, валий зотларнинг барчаси Аллоҳ йўлида собит бўлган зотлардир, улар халқни тўғри йўлга бошлайди, деб таъкидлайди.

Муқаддиманинг “Бу тоифа аъмолу афъоли ва муомилату риёзотидин баъзини зикр қилмоқ” деб номланган қисми авлиёларнинг аъмоли – амаллари, афъоли – феъл-атвори, муомилоту риёзати – муомаласи (халқ билан муносабати) ва Ҳақ йўлида чекадиган машаққатларини ёритишга бағишланган. Унда валий зотлар билан боғлиқ луқма ҳалоллиги, шариатга амал қилиш, имон калимасини руҳга сингдириш, беш вақт намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳаж қилиш, одоб, ҳилм,тақдирга ризо бўлиш ва сабр қилиш, сидқ – ростгўйлик, риёзат чекиш каби амаллар келтириб ўтилади. Бу фазилатли амаллар оддий одамларникидан фарқ қилади. Асарда келтирилишича, имон калимаси – калимаи шаҳодатни ҳамма чин дилдан айтиши мумкин, лекин валийлар бу каломни айтиб, ҳушларини ҳам йўқотишлари мумкин. Ёки шариатда закот молнинг қирқдан бир қисмини фақирларга бериш билан амалга оширилса, валийлар қўлидаги нарсанинг ортиғи билан эҳсон қилишни закот деб билишлари ҳақида ибратли фикрлар келтирилади (шайх Абу Бакр Шиблийнинг бир фақиҳга берган жавоби мисолида).

Бундан ташқари, луқма ҳалоллигига эришиш учун ҳар бир валий зот ўз касби корига эга бўлган. Масалан, Шайх Абу Саид Харроз, Хожа Абдуллоҳ Ансорийлар этикдўзлик, шайх Муҳаммад Саккок пичоқчилик, шайх Абу Ҳафз Ҳаддод темирчилик билан машғул бўлганлар.

Ислом ақидасига кўра мўъжиза ва каромат ҳақдир. Мўъжиза пайғамбарлар томонидан Аллоҳнинг қудрати билан амалга ошириладиган ва инсон ақли етмайдиган ҳодисалар бўлса, авлиёларнинг бу каби ишлари каромат дейилади. Булар умумий хавориқи одат – ғайриодатий, ғайритабиий ишлар, деб аталади. Масалан, дуолар ижобати, ғайб сирларидан огоҳ бўлиш, инсон кўнглидаги ўйни англаш, сув ва таомсиз рўза тутиш, бир лаҳзада дунёнинг у четидан бу четига бориб қолиш каби оддий инсон ақли учун ғайритабиий бўлган ҳолатлар авлиёларга хос бўлиб, уларни кўп ошкор қилмаслик валийнинг юксак мақомини билдиради.

Шундан сўнг бевосита валийларнинг номлари ва таржимаи ҳоли билан боғлиқ маълумотлар келтирилади. Номи зикр этилган илк валий зот – авлиёлар султони деб улуғланган Увайс Қаранийдир. Увайс Қаранийнинг Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга ғойибона ошиқ бўлганлиги, унинг кучли ва мустаҳкам муҳаббати барча ислом уммати учун ибрат ҳисобланади.

Асарда авлиёларга доир маълумотлар турли ҳажмда бўлиб, баъзилари ҳақида бир жумла билан кифояланилса, баъзи шайхлар таърифига кенг ўрин ажратилади. Авлиёларнинг таржимаи ҳолидаги маълумотлар муайян мезонларга эга эмас: айрим шайхларнинг яшаган йиллари, жойлари, касби корлари ва ҳоказолар билан боғлиқ маълумотлар батафсилроқ келтирилса, баъзиларининг фақат каромат ёки ўгитларидан парча берилади.

Тазкирада асосий эътибор валий зотнинг амалига қаратилган. Ҳар бир авлиё шариат ҳукмларини сўзсиз ва итоат билан адо этиб, Ҳақ васли талабида мол-дунё ташвишидан, ўз борлигидан мутлақо воз кечади. Бу дунёга заррача муҳаббат қўйиш Ҳақ ишқига соя солади, деб эътиқод қилинади. Ҳар бир авлиё ҳақидаги маълумотлар таркибида араб тилидаги байтлар, ҳикматли фикрлар бериб борилади.

“Насойиму-л-муҳаббат” таркибида тилга олинган авлиёлар орасида исломдаги тўрт мазҳаб бошлиқлари – имом Аъзам, имом Молик, имом Шофеъий, имом Аҳмад ибн Ханбалдан тортиб Муҳаммад Ғаззолий, Баҳоуддин Валад, ўғли Жалолиддин Румий, Румийнинг ўғли Султон Валад каби буюк зотлар ҳақидаги турли қизиқарли, ибратли ҳикояларга дуч келамиз. Ушбу авлиёлар ҳақидаги маълумотлар илмий асосга эга бўлиб, тасаввуф тарихини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади (Масалан, Жалолиддин Румийга болалигида Фариддин Аттор ўзининг “Асрорнома” асарини ҳадя қилиши ёки Шамсиддин Табризий ва Румий учрашуви билан боғлиқ маълумотлар).

Умуман олганда, ҳазрати Алишер Навоийнинг авлиёлар таржимаи ҳолига бағишланган мазкур “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” асари шоирнинг етук мутасаввиф олим сифатидаги фаолиятини кўрсатувчи муҳим манбадир.

Алишер Навоийнинг мазкур диний йўналишдаги асарларини ўрганиш орқали унинг динга бўлган муносабати, эътиқоди билан боғлиқ муайян маълумотлар олиш билан биргаликда, унинг ислом илмларининг етук билимдони эканлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қиламиз. Бу улуғ шоирнинг ўз даври ижтимоий ҳаётида тутган ўрни нечоғлик муҳим бўлганлигини белгилаб берувчи ўзига хос омил эканлиги билан аҳамиятли саналади.

Адабиётлар:

1. Навоий Алишер. Вақфия. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1998. 14-жилд. – Б. 231-270.

2. Навоий Алишер. Арбаъин. Сирож ул-муслимин.Муножот. Рисолаи тийр андохтан. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 2000. 16-жилд. – Б.261-308.

3. Навоий Алишер. Вақфийя / Нашрга тайёрл. И.Шамсимуҳамедов. – Т. : Фан, 1991.

4. Муножот / Нашрга тайёрл. ва луғатлар муаллифи: Суйима Ғани қизи. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991.

5. Арбаъийн / Нашрга тайёрл. Каримбек ва Саидбек Ҳасан; Шарҳловчи А.Рустам. – Т.: Мерос, 1991.

6. Арбаъин: Қирқ ҳадис шарҳи / Сўз боши муаллифлари ва шарҳловчи: Қ.Аҳад, О.Маҳмуд. – Т. : Адабиёт ва санъат, 1995.

7. Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент.: Movarounnahr – O’zbekiston NMIU, 2009.

8. Қаюмов А. Дилкушо такрорлар ва руҳафзо ашъорлар. – Т.: MUMTOZ SO’Z, 2011.

9. Рамазонов Н. “Насойим”нинг ўзига хос хусусиятларига доир / Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). – Т.: Фан, 2001.

10. Ражабова М. “Назм ул- жавоҳир” тарихига оид муҳим манба / Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий-назарий анжуман материаллари). – Т.: Ўзбекистон, 2011.

11. Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977.

12. Шамсимухамедов И.У. “Вакфийе” Алишера Навои как литературный памятник: Дисс. на соискание канд филол. Наук. - Т., 1991.

13. Исламов Х. И. “Насойимул муҳаббат” Алишера Навои и его науч-но-кртиический текст: Дисс. на соискание канд филол. наук . Т., 1990.



[1] Асар юзасидан И.Шамсимухамедов номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

[2] Адабиётшунос М.Ражабова “Назму-л-жавоҳир”нинг яратилишига яна бир сабаб сифатида ҳазрат Али қабрининг Балхда эканлиги ва уни таҳқиқ этишда Алишер Навоийнинг шахсан ўзи қатнашганлигини келтириб ўтади. (Бу ҳақда қаранг: М.Ражабова. “Назм ул- жавоҳир” тарихига оид муҳим манба // Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий-назарий анжуман материаллари). – Т.: Ўзбекистон, 2011. – Б.72-75. )

[3] Коҳин – башорат қилувчи шахс.

[4] “Рисолаи тийр андохтан” асари навоийшуносликда кам ўрганилганлиги учун рисоладаги ҳикоятларни тўлиқ келтиришга қарор қилдик.

[5] Рамазонов Н. “Насойим”нинг ўзига хос хусусиятларига доир // Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). – Т.: Фан, 2001.

 

Дилнавоз Юсупова

 

 

Савол беринг


Ҳимоя коди
Янгилаш