Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»“Ҳайрату-л-аброр” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари
Facebook
“Ҳайрату-л-аброр” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари PDF Босма E-mail

Алишер Навоий “Хамса”сидаги биринчи достон “Ҳайрату-л-аброр” ("Яхши кишиларнинг ҳайратланиши") 1483 йилда яратилган эди. Достон 3988 байтдан иборат бўлиб, 63 боб, 20 мақолат ва 20 ҳикоятдан ташкил топган. Шундан КИРИШ (муқаддима) 21 бобни ўз ичига олади.

Достоннинг биринчи боби Қуръони каримдаги бош илоҳий жумла “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” (“Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан бошлайман”)нинг поэтик шарҳига бағишланган. Бу боб нафақат “Ҳайрату-л- аброр” учун, балки умуман “Хамса” учун ҳам кириш вазифасини ўтайди, чунки кейинги достонларда биз бу илоҳий жумлани учратмаймиз. Ҳазрат Навоий бу жумлани икки нуқтаи назардан таҳлил қилади, яъни қабул қилувчилар ва рад этувчилар. Бунда ушбу жумладаги ҳар бир ҳарфга алоҳида маъно юклатилади. Дастлаб рад этувчиларга тўхталинар экан, ушбу жумладаги ҳар бир ҳарфнинг бу тоифа кишиларини жазолантиришга хизмат қилдирилганлигини кўрамиз. Хусусан, “ ” – “син” ҳарфи ҳақида гапирилганда, унинг шакли наҳанг балиғининг умуртқа суягидаги аррадек бўлиб, рад этувчилар учун офатдек; “” – “мим” ҳарфи илон нафасидек ўт сочиб, йўл бошида оғзини очган ҳолда ётади деган ташбеҳлардан фойдаланилади. Шу тариқа Навоий ушбу жумладаги қолган ҳарфларни ҳам ушбу мақсадга хизмат қилдиради ва китобот (ҳарф) санъатининг бетакрор намунасини яратади.

Иккинчи тоифа, яъни қабул қилувчиларга тўхталинганда энди бу ҳарфларнинг ижобий маъно касб этишини кузатамиз. Хусусан, “” “син” ҳарфи энди саломатлик йўлининг зинасига ўхшатилса, “” – “мим” ҳарфининг мақсад манзилидаги булоқ бошига нисбат берилганлигини кўрамиз. Буларнинг барчасида Навоийнинг юксак бадиий салоҳияти намоён бўлади.

Достоннинг иккинчи боби Холиқ, яъни Оллоҳ ҳамдига бағишланади. Мазкур бобда шоир ҳамма нарсани яратган Холиқнинг осмон ва қуёшдан тортиб ҳар бир заррани, бутун ўсимликлар ва ҳайвонот оламини, кишилик жамиятини бир-бирига боғлаб ҳаракатлантириб туришини чексиз ҳайрат билан тасвирлайди. Алишер Навоий “Унинг зоти лутф ва сафодан иборат, лекин вафо иси унга бегона” деган фикрларни илгари сурар экан, бу ўринда тасаввуф таълимоти асосида фикр юритилаётганлиги маълум бўлади.

Достоннинг 3-6 боблари (тўрт боб) муножотларни ўз ичига олади. Муножотларда дунёдаги барча мавжудотлар ўз яратганига доим сажда қилиши зарур, Худонинг қаҳри келса, “кўк бир этак кул” каби совурилиб кетиши ҳеч гап эмаслиги таъкидланади. Шунинг учун инсонлар ўйлаб иш қилиши, гуноҳ қилишга йўл қўймаслиги, қиёмат кунини унутмаслиги, ҳар бир гуноҳ учун қиёмат куни жазо олажагини эсда тутиши, ислом дини қоидаларига тўла риоя қилиши зарурлиги уқтирилади. Навоий охирги муножотда Худога мурожаат қилиб, гуноҳларини кечиришини сўрайди:

Гарчи гунаҳнинг ҳаду поёни йўқ,

Айламасанг раҳм ҳам имкони йўқ.

Адабий анъанага кўра муножотдан сўнг пайғамбар мадҳига, яъни наътга ўтилади. Достонда 5 та наът келтирилган. Биринчи наътда тасаввуф таълимотидаги “Нури Муҳаммадия” назариясига тўхталинар экан, ушбу назариядаги “Одам Ато унга ҳам ўғил, ҳам ота” деган тушунча таърифи берилади. “Нури Муҳаммадия”га кўра Аллоҳ барча оламларни яратишдан олдин Муҳаммад нурини яратган бўлиб, шу нур туфайли оламни ва одамни яратган. Демак, Одам Ато ҳам Муҳаммад нуридан бино қилинган. Шунинг учун ҳазрати Муҳаммад (с.а.в) Одам Атога ҳам ота, ҳам ўғилдир:

Бўлди санга Одами сабқатнамо,

Аввал ўғул, сўнгра гар ўлса Ато.

Кейинги наътларда пайғамбарнинг болалиги, пайғамбарлик давридаги фаолияти, ноёб инсоний хусусиятлари, меърож туни таърифлари келтирилади.

Достоннинг 12-боби улуғ салафлар Низомий Ганжавий ва Амир Хусрав Деҳлавий мадҳига бағишланган. Дастлаб Низомийга таъриф берилар экан, унинг исмидаги ҳарфлар абжад ҳисобига кўра 1001 сонига тенг келиши жиҳатидан Худонинг 1001 исмига ҳамоҳанг эканлиги айтилади. Иштиқоқ (ўзакдош сўзларни келтириш) ва ийҳом (байтни икки хил маънони қўллаш) санъатлари воситасида у яратган хазина (“Хамса”)га таъриф берилади:

Ганжа ватан, кўнгли анинг ганжхез,

Хотири ганжуру тили ганжрез.

Хусрав Деҳлавий мадҳи келтирилганда эса унинг исмидаги “хусрав” сўзининг подшо маъносини билдириши Деҳлавийнинг сўз подшоси сифатида ҳинд мулкини обод қилганлиги, унинг ҳар бир достони Ҳиндистоннинг бир ўлкасига тенг эканлиги билан изоҳланади:

Назми саводи аро ҳар достон,

Ўйлаки, бир кишвари Ҳиндустон.

13-боб Нуриддин Абдураҳмон Жомий мадҳини ўз ичига олади. Навоий Низомий ва Деҳлавийни бир бобда таърифлагани ҳолда устози ва дўсти Абдураҳмон Жомийга алоҳида боб бағишлайди. Уни ўша даврнинг “қутби тариқати” деб атар экан, ўзининг унга нисбатан ожиз ва муҳтожлигини ғоят камтарлик билан баён қилса, Жомийнинг янги ёзган бирор асарини ўзидан олдин ҳеч ким кўрмаслигини фахр билан келтириб ўтади:

Номағаким роқим этиб хомасин,

Кўрмади мен кўрмайин эл номасин.

“Ҳайрату-л- аброр” достонининг ёзилишида айнан Жомийнинг “Туҳфату-л-аҳрор” достони туртки бўлганлигини айтилади:

Боштин-аёқ гавҳари шаҳвор эди,

Қайси гуҳар, “Туҳфату-л-аҳрор” эди...

Чун ўқимоқ замзамаси бўлди бас,

Кўнглум аро дағдаға солди ҳавас.

Ким бу йўл ичраки алар солди гом,

Бир неча гом ўлса манга ҳам хиром.

Достоннинг 14-15-боблари сўз таърифига бағишланган. Ҳазрат Навоий сўзнинг буюклигини “кун” (ярал) сўзининг олам ва одамни яратишда восита бўлганлиги билан далиллайди:

Даҳр муқайяд била озодаси,

Борча эрур “коф” ила “нун” зодаси.

Зодасидин зода бўлуб беадад,

Зодага ҳам волид ўлуб, ҳам валад.

Алишер Навоий бу ўринда сўзнинг маҳсули бўлган адабий турлар ҳақида ҳам тўхталар экан, назм ва насрга алоҳида таъриф беради, назмни насрдан устун қўйиб, гулшанда гулларнинг саф тортиб туришини назмга, сочилиб, тўкилиб ерда ётишини насрга ўхшатади. Шоирнинг эътирофича, назм бу қадар эъзозланмаса, Тангри сўзида шеър бўлмас эди:

Бўлмаса эъжоз мақомида назм,

Бўлмас эди Тенгри каломида назм.

Шунингдек, Навоий ушбу бобда туркий тилда шеър айтишга кучли иштиёқ сезишини ва бу йўлда анча юқори даражага эришганини фахр билан баён қилади.

Достоннинг 16-боби замона султони Ҳусайн Бойқаро мадҳини ўз ичига олади. Алишер Навоий бу бобда талмеҳ санъати воситасида Ҳусайн Бойқарони куч-қудратда Фирдавсий қаҳрамони Рустамга, адолат ва фазлу камолда Эроннинг афсонавий подшоси Жамшидга ўхшатади.

17-боб “Кўнгул таърифида” деб номланади. Бу бобда Навоий қудратли деҳқон (Худо) илк тонгда инсонни яратгандан кейин унга кўнгул ато этганини баён қилар экан, кўнгулни юрак билан адаштирмасликка чақиради. Шоирнинг фикрича, юрак савдогарда ҳам бор, лекин унинг бутун фикри-ёди савдода. Яратганнинг ёди билан яшайдиган инсондагина ҳақиқий кўнгул бўлади ва угина “аҳли дил” саналиши мумкин. Шунингдек, Навоий кўнгулни олами кубро, Каъбадан-да улуғ жой деб атайди.

Муқаддиманинг қолган уч боби (18-20 боблар) ҳайрат таърифига бағишланган. Бу бобларда Хожа, яъни кўнгулнинг аввал мулк (нарсалар) оламига, кейин малакут (фаришталар) оламига ва ниҳоят сўнгида “ажойиб бир шаҳар” (инсон танаси)га саёҳати баёни келтирилади ва бу саёҳат кўнгулнинг ўзлигини таниб, инсон танасига киргани тасвири билан якунланади. Алишер Навоий бу ўринда “ўзлигини билган Худони ҳам билади” ғоясини илгари суради:

Нафсға чун ориф ўлуб мў-бамў

Фойиз ўлуб “қад арафа раббаҳу”.

Муқаддиманинг сўнгги 21-боби Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва унинг халифаси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор мадҳига бағишланган. Алишер Навоийнинг муқаддимадаги сўнгги бобни айнан шу шайхларга бағишлаши шоирнинг нақшбандия сулуки вакили эканлигига ишора эди. Боб ўз ичида икки қисмга ажратилади, биринчи қисм 15 байтдан иборат бўлиб, унинг деярли ҳар бир байтида нақш сўзининг турли ҳолат ва шаклларда иштиқоқ (ўзакдош сўзларни келтириш) ва таносуб (маъно ва моҳият жиҳатидан бир-бирига яқин сўзларни келтириш) санъатлари воситасида қўлланилганлигини кўрамиз. Навоий Баҳоуддин Нақшбандни юксак мартабали наққошга, унинг таълимотини муҳташам ва дилкаш нақшга ўхшатади:

Хожаки наққоши сипеҳри баланд,

Бўлғали ҳар сафҳасиға нақшбанд.

Айлади авроқ мунаққаш басе,

Нақш рақам айлади дилкаш басе.

Бобнинг иккинчи қисми нақшбандия тариқатининг ўша даврдаги машҳур пирларидан бири Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор мадҳига бағишланган. Навоий уни муршиди офоқ (йўлбошловчи пир) деб улуғлар экан, шоҳлар унга қуллуқ қилишга ўзлари келадилар, ҳатто ҳақиқат сирларидан огоҳлар ҳам унинг ҳузурида ҳушларидан жудо бўладилар деб ёзади:

Юз қўюбон қуллуғиға шоҳлар,

Базмида бехуд ўлуб огоҳлар.

Алишер Навоий бобни улуғ шайх фаолиятига юксаклик тилаш ва унинг ҳимматидан баҳрамандлик умиди билан якунлайди ва бу умид бевосита муқаддимага ҳам якун ясайди:

Қўймасун айвони жаҳонни тиҳи,

Дабдабаи кўси Убайдуллаҳи.

Ҳимматидин бизни ҳам этсун Худой,

Фақр йўлида ғани, имонға бой.

Достоннинг 22-бобидан асосий қисм бошланади. Асосий қисм мақолат ва ҳикоятлардан ташкил топган 40 бобни ўз ичига олади. Мақолатлар муайян бир ахлоқий-фалсафий мавзуга бағишланган бўлиб, шоир дастлаб ушбу мавзуга муносабат билдиради, мавзу юзасидан ўз фикр- мулоҳазаларини баён қилади, сўнгра шу мавзуга мос ибратли ҳикоя келтиради. Шу тариқа асосий қисм 20 мақолат ва унга илова тарзида келтирилган ҳикоятлар баёни тарзида давом этади. Буни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

Мақолот номи

Ҳикоят

Иймон шарҳида

Шайх Боязид Бистомий ва унинг муриди ҳақидаги ҳикоят

Ислом бобида

Иброҳим Адҳам ва Робия Адвия ҳақидаги ҳикоят

Салотин (султонлар) зикрида

Шоҳ Ғозий ҳикояти

Хирқа кийган риёкор шайхлар хусусида

Абдулла Ансорий ҳақидаги ҳикоят

Карам (хайру эҳсон) васфида

Ҳотами Тойи ҳикояти

Адаблилик тўғрисида

Нўширавон ва Наргис ҳақидаги ҳикоят

Қаноат бобида

Қаноатли ва қаноатсиз икки дўст ҳақидаги ҳикоят

Вафо бобида

Икки вафоли ёр ҳикояти

Ишқ ўти таърифида

Шайх Ироқий ҳақидаги ҳикоят

Ростлиқ таърифида

Шер билан Дуррож ҳикояти

Илм осмонининг юлдузлардек баланд мартабалилиги ҳақида

Имом Розий ва Хоразмшоҳ ҳақидаги ҳикоят

Қалам ва қалам аҳллари ҳақида

Ёқут ҳақидаги ҳикоят

Булутдек фойда келтирувчи одамлар ҳақида

Айюб ва ўғри ҳақидаги ҳикоят

Осмон тузилишида шикоят

Искандар ҳақидаги ҳикоят

Жаҳолат майининг қуйқасини ичадиганлар ҳақида

Исроилий ринд ҳақидаги ҳикоят

Хунасасифат олифталар ҳақида

Абдуллоҳ Муборак ҳақидаги ҳикоят

Баҳор йигитлигининг софлиги ҳақида

Зайнобиддин ва унинг ўғли ҳақидаги ҳикоят

Фалак ғамхонаси ҳақида

Гўзал малика ва унинг ошиғи ҳақидаги ҳикоят

Хуросоннинг мисли йўқ вилояти баёнида

Баҳром ва боғ ҳақидаги ҳикоят

Мақсаднинг ўталгани ҳақида

Хожа Муҳаммад Порсо ҳақидаги ҳикоят

Энг аввалги мақолат иймон шарҳига бағишланади. Бу бежиз эмас, зеро достоннинг бош ғояси комил инсон тимсолини васф этишдир, комилликнинг бош белгиси эса иймондир:

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,

Билки нишони анга иймон эрур.

Алишер Навоий “Кимдаки иймоннинг уч белгиси бўлса, у ҳақиқий инсондир” дейди ва бу белгилар сифатида сабр, шукр ва ҳаёни кўрсатиб ўтади:

Бас ани инсон атағил бериё,

Ким ишидур сабр ила шукру ҳаё.

Комил инсон таърифидан кейин иймон шарҳига тўхталиб ўтилади. Ҳазрат Навоий иймоннинг 6 шарти сифатида қуйидагиларни келтириб ўтади:

1) Ҳақнинг борлигига иймон келтириш;

2) фаришталарга иймон;

3) Аллоҳнинг сўзлари бўлган муқаддас китобларга иймон;

4) Пайғамбарларга иймон;

5) қиёмат кунига иймон;

6) тақдири азалга иймон.

Ушбу фикрлардан сўнг Шайх Боязид Бистомий ва унинг муриди ҳақидаги ҳикоят келтирилади. Ҳикоятда бир куни Шайх Боязид Бистомийдан ғамгинлик сабабини сўраган муридига шайх бу дунёда ҳақиқий инсонлар камайиб кетганлигидан хафаман деб жавоб беради. Шунда муриди шайхни ҳақиқий инсонлар сафида деб ҳисоблашини айтганида, шайх ўзини ҳам юз минг сарсон-саргардонлар қаторида санашини, агар бу дунёдан иймон билан кетмас экан, инсон саналмаслигини айтади. Ҳикоятда диний мазмундан ташқари тасаввуфий қарашлар ҳам мавжуд бўлиб, бунда тариқатдаги хавф мақоми ҳақида сўз боради, деб айтиш мумкин. Н.Комиловнинг “Тасаввуф” китобида ёзилишича, хавф тариқатнинг 6-мақоми бўлиб, бунда соликнинг нафс макридан қўрқиши, шайтон найрангининг кўнгилга хавф солиши назарда тутилади. Нафс шундай кучли душманки, солик тариқатдаги тавба, вараъ, зуҳд, фақр, сабр каби мақомларни эгаллаган бўлишига қарамай, нафснинг иймонга дахл қилиши мумкинлигидан доим хавфда бўлади.

Алишер Навоий кейинги мақолатларда ҳам биринчи мақолатда келтирилган бош мавзу – комил инсонга хос сифатлар баёнини давом эттиради. Хусусан, 5- мақолат карам ва саховат, 6- мақолат адаб, 7-мақолат қаноат, 8-мақолат вафо, 10-мақолат ростгўйлик таърифидадир. Бу мақолатлар орасида 7-мақолат бадиий тимсолларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Навоийнинг фикрича, кимки қаноатни ўзига касб қилган бўлса, у энг бой инсондир. Олтин, кумуш ва зебу зийнатларни бойлик деб билмаслик керак, балки ҳақиқий бойлик қаноат хазинасидир:

Кимгаки иш бўлди қаноат фани,

Билки, ани қилди қаноат ғани.

Ганжи тажаммулни ғино билмагил,

Балки ғино ганжи қаноатни бил.

Мазкур мақолатда қаноат тушунчаси чиройли ташбеҳлар ва тамсиллар воситасида ифодалаб берилганлигини кўрамиз. Масалан, осмон қанчалик катта бўлмасин, у битта кулча, яъни қуёш билан кун кечиради. Кўз доим шунинг учун равшанки, у меҳроб остида туриб, иккита бодом билан озиқланади. Шундай экан, инсонлар қаноат бобида осмон ва кўз сингари бўлишлари керак. Мақолатда китобот (ҳарф) санъатининг ҳам етакчилик қилишини кузатиш мумкин:

Қушлар аро шоҳки, анқо дурур,

Нуктае бу амрда пайдо дурур.

Бордур агар фикр ила топсанг вуқуф,

Қониъю анқоға мувофиқ ҳуруф.

Қушларнинг ичида анқо шоҳ ҳисобланади. Бунда маълум бир маъно бор. Агар фикр билан воқиф бўлишни истасанг, “қониъ” ва “анқо” сўзларининг ёзилишида ҳарфлар бир-бирига мувофиқдир. Ёки

Шоҳ бошининг шарафи тож эмас,

Англа ани шоҳки, муҳтож эмас.

Шоҳ агар ул бўлсаки, муҳтождур,

Ҳарф ила муҳтожда ҳам тождур.

Шоҳ бошининг шарофати тождан эмас, кимки муҳтож бўлмаса, ўшани шоҳ деб тушун. Муҳтожни ҳам шоҳ деб аташ мумкин бўлса, ҳарф нуқтаи назаридан “муҳтож” сўзида ҳам “тож” бор-ку!

Мақолатга “Қаноатли ва қаноатсиз икки дўст” ҳақидаги ҳикоят илова тарзида келтирилган. Ҳикоятда келтирилишича, икки дўст Форс мулкидан Чин мамлакати томон йўлга тушадилар. Бири тақдир берганига қаноатли инсон бўлиб, иккинчиси очкўз, тамаъгир эди. Йўлда кетаётиб, бир тошга кўзлари тушади. Унинг ярми ер остида бўлиб, ярми ер юзасига чиқиб турарди. Тош устида: “Кимки меҳнат қилиб тошни айлантириб қўйса, остидаги афсонада вайрона тагида бекитиб қўйилган хазина ҳақида ёзиб қўйилган. Кимки бу машаққат, азоб уқубатларни хоҳламаса, унинг учун сабру қаноат ҳаммасидан яхшироқдир” деган ёзув битилган эди. Очкўз йигит ёзувни ўқигач, хазина илинжида тош остини қазишга тушиб кетади. Қаноатли одам эса бепарво тарзда шаҳар томон йўл олади. Шаҳарга кирадиган бир неча дарвоза бўлиб, у шаҳарга биринчи бўлиб киради. Шаҳар аҳолисининг одатига кўра, мамлакат подшоси қазо қилса, дарвозадан биринчи кирган одамни подшоҳ қилиб кўтарар эканлар. Шу тариқа бу дўст ўз қаноати туфайли мамлакатга подшоҳ бўлади. Унинг тош остини қазиётган дўсти эса оғир меҳнатни бажариб бўлгач, тошни ағдариб қараса, “Хом тамаъ бу дунёда алам чекади” деб ёзиб қўйилган экан. Хулоса шуки, қаноатли инсон ўз сабру қаноати туфайли шоҳ мартабасига эришади, қаноатсиз инсон эса тамаъ илинжида хору зор бўлади.

“Ҳайрату-л-аброр” достонида хотима ҳам ўзига хос ўринга эга. Достоннинг 62-63-боблари ҳазрат Навоийнинг хулоса ва якуний фикрларини ўз ичига олади. 62-бобда Навоий достонни яратиш орзусидан бошлаб уни тугатгунича бўлган жараён ҳақида ёзар экан, достонни ёзиш хаёли унга тинчлик бермагани, элу юрт хизмати, халқ арз-додини тинглаш уни асосий мақсаддан чалғитса-да, Худонинг ўзи унга марҳамат кўрсатиб, ниҳоят бу улуғ муддаони поёнига етказганини бетакрор ташбеҳлар воситасида баён қилиб беради. Боб сўнгида Навоий ғоят назокат ва камтарлик билан агар ёзганлари элга манзур бўлмаса, уни афв этишларини сўраб, Аллоҳга илтижо қилади:

Жилва бер эл кўзига ҳам хўб ани,

Қилғил улус кўнглига марғуб ани.

Ҳар нечаким, журмум эрур печ-печ,

Лекин эрур раҳматинг олинда ҳеч.

63-бобда оёғи тойиб кетиб, косадаги ошни шоҳнинг бошига тўкиб юборган ва олижаноб шоҳнинг хижолатдан ўлар ҳолатга етган бу қулни афв этгани ҳақидаги ҳикоят берилади ва бу ҳикоят бевосита 62-бобга ҳамоҳанг тарзда, унга иловадек келтирилади. Навоий Аллоҳни олижаноб шоҳга, ўзини оёғи тойиб кетган қулга ўхшатар экан, шундай ёзади:

Ҳар неча кўп бўлса гуноҳим менинг,

Шукрки, бор сендек илоҳим менинг.

Хижлат ила қолмади худ жом манга,

Ери дурур айласанг эҳсон манга.

“Ҳайрату-л-аброр” достонида кун тартибига қўйилган масалалар бевосита “Хамса”нинг кейинги достонларида ҳам давом этади, хусусан, комил инсонга хос адаб, қаноат, карам ва саховат, футувват, ростлик, вафо каби хислатлар билан боғлиқ масалалар “Фарҳод ва Ширин” достони, “Сабъаи сайёр” таркибидаги ҳикоятлар, “Садди Искандарий” достонларида янгича талқин топганлигини кўрамиз.

Достон аруз тизимининг сариъ баҳри – сариъи мусаддаси матвийи макшуф (рукнлари ва тақтиъи: муфтаилун муфтаилун фоилун – VV – / – V V – / – V – ) вазнида ёзилган. Бу вазн панду насиҳат мазмунидаги фикрларни баён қилишга ниҳоятда қулай бўлганлиги сабабли достон учун асосий шеърий ўлчов вазифасини ўтаган.

АДАБИЁТЛАР:

1. Навоий Алишер. Ҳайратул аброр. МАТ. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1991. 7-жилд.

2. Navoiy Alisher. Hayrat ul-abror. – T.: G’.G’ulom nomidagi NMIU, 2006.

3. Навоий Алишер. Ҳайратул-аброр (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ: Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989.

4. Муҳиддинов М. Комил инсон - адабиёт идеали. – Т.: Маънавият,2005.

5. Рустамов А. Навоийнинг бадиий маҳорати. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1979.

6. Қаюмов А. “Ҳайрат ул-аброр” талқини. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1985.

7. Vohidov R., Eshonqulov H. O‘zbek mumtoz adabiyoti tarixi. – T.: O‘zYU Adabiyot jamg‘armasi nashriyoti, 2006.

Дилнавоз Юсупова

 

 

Савол беринг


Ҳимоя коди
Янгилаш