Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Сайланма. Ҳалима Худойбердиева
Facebook
Сайланма. Ҳалима Худойбердиева PDF Босма E-mail
Материал индекси
Сайланма. Ҳалима Худойбердиева
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
Ҳамма саҳифа

Иймон — Нур  демак. Кулли  башарни  соир  мавжудотдан фарқлагувчи Нур. Одамни  одам қилгувчи  Нур.  Ҳали  ёруғ  дунёда  бирор  Сўз  устаси  бу  тушунчани  унинг  ўзидек  сифатлаш қудратини касб этмади. Бу Нур ишқида валийлар ёқа йиртишди, шоирлар хома синдиришди. Ва ниҳоят бир шўрлик дедики, агар денгизлар сиёҳ, бутун дунёдаги дов-дарахтлар қалам ва осмон саҳифа бўлса-да буни, яъни Нурни таърифламоққа ожиздир. Ниҳоят, бутун дунё шуароси бунга иймон келтирдилар.
Шеърнинг муқаддаслиги шундаки,  у Ватан  ва Иймон  тушунчалари  билан  ғоятда  эгиздир. Шеър,  мен  айни Шарқ  шеъриятини  назарда  тутяпман,  шунинг  учун  муқаддаски,  унинг  бир вазни илоҳий, бир вазни инсонийдир; унинг бир сатри осмоний, бир сатри заминийдир. Бизнинг шеъримиз шунинг  учун  башарият  назмининг  гултожи  ҳисобланади.  Бу  назм  заминида  ҳазрат Навоийдек  зотларнинг  улуғ  бир шажарадек  қад  ростлашига, 6у назм  заминида шоҳ  ҳам,  гадо ҳам шоир  бўлишига,  бу  заминда  валийлар  ҳам  байтлар  ижод  қилганига  сира  ажабланмаслик керак.  Зеро,  бу  адабиёт  илоҳийдир. Унинг  пири  комиллари  бор. Унинг  хокдек фақиру  ҳақир муридлари бор. 
Биз  ана  шундай  адабиётнинг  ворисларимиз.  Биз  шундай  адабиётга  соҳибмиз.  Башарият карвонида сарбонлик мақомимиз бор, албатта.
Мен  шеъриятимизда  улкан  мавқега  эга  бўлган  истеъдодли  шоирамиз  Ҳалимахоним Худойбердиева ҳақида сўз юритмоққа жазм этдим.
Сўзимни  Замон  ва  Иймон  тушунчаларининг шеърият  билан  эгизлиги  ҳақидаги  жумладан бошладим.  Бу  бежиз  эмас.  Айни  ана  шу  олий  тушунчалар  уммонлар  қаъридаги  садафлар бамисоли шоирамиз шеърларининг замир-замирида пинҳондир.

Қон аслан ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк.
Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.
Қанча қонинг бўлса, Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар!

Шеъриятимизда  Ватан  мавзусида  ёзилган  шеърлар,  одатда  фахр-ифтихор  ёхуд  шир  урён ҳамду саноларнинг бир қоп ҳидсиз алафларидан иборат бўлганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Ватан, деганда ҳар қандай маддоҳни ҳам доғда қолдириб кетадиган шоирларимиз оз бўлмаса-да, аммо ҳайтовур  бу  табаррук  мавзуда  ўлмас  асарлар  ёзиб  қолдирган  пири  комилларимиз  бир  талай. Юқорида шоиранинг «Даъват» шеъридан келтирилган тўрт қатор хотимавий банддаги Ватан бу
ҳамиша хузур-ҳаловат қилиб яшаш мумкин бўлган алланечук гулзор эмас, балки керак бўлганда қонимизни  ва жонимизни  ҳам  беришимиз жоиз  бўлган  бир  азиз  гўша,  бир муқаддас  қадамжо экани уқтирилмоқда. Дарвоқе, оламда қон ва жон баробарида илоҳийликка даъвогар ёхуд ҳаёт қадар муқаддасликка муносиб Ватандан бошқа нима бор?
Шу нуқтада яна бир муҳим жиҳатни таъкидлашни истардим: «Она Ватан» деб сифатланмиш ва  киндик  қонимиз  тўкилган  бу  табаррук  замин,  жонфидо  халқимиз,  бетакрор  табиатимиз, мардонавор  ўғил-қизларимиз,  бир  сўз  билан  айтганда,  мана  шу  Туркистонимиз,  Туронимиз, айниқса  Мустақиллигимиздан  кейинги  йилларда  Ҳалимахоним  шеърларида  асосий  мавзуга айланди.  Шоирамиз  Туркистон  кенгликларида,  Сайҳун  ва  Жайҳун  ёқаларида  неча  минг
йиллардан  буён  яшаб  келаётган  туркий  элатлар,  уларнинг  муштарак  тарихи,  шонларга бурканган  қаҳрамонона  кечмиши  ҳақида  туркум шеърлар  яратди.  Бу шеърларда шоира фақат шуҳратманд  тарихда  кечган  аждодларимизнинг  ибратли  ҳаётларини  васф  этибгина  қолмай, бугунги авлодни ғолиб боболар изидан бориб, Ватанга садоқатли фарзанд бўлишга чақиради. Бу чақириқ  донишманд  файласуфнинг  ўгити,  қаҳрамон  бобонинг  насиҳати,  ярадор  сарбознинг битиги  бўлмай,  балки  шу  тупроқнинг  ҳар  заррасида  энг  аввало  илоҳий  бир  меҳр  ва муқаддасликни теран мушоҳада қилган, жону тани шу замин билан қоришиб кетган, ҳар барги, ҳар  гиёҳи,  ҳар  бир  боласининг  жон  толаларига  жигарининг  қон  томирлари  туташ  Она — шоиранинг нидолари, фарёдларидир.

Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен,
Жаранг берсам қир-даласи уйғонар...
Болам, кимсан, ким бобонгнинг қотили,
Билармисан туркнинг тўқсон зотини?
Томиримдан чиққудайин отилиб
Найман онанинг ноласи уйғонар.

Тарих, агар унда ҳикмат ва маъно бўлмаса, бир валангор саройдир. Ҳазрат Навоий Тус вайроналари ҳақида битган қитъаларида бундай деганлар:

Авлиёуллоҳ мазори Тус вайрони аро
Кўптурур йўқ бок агар тавфида кўрса кимса ранж.

Мунчаким вайрона кездим, ганж бир ҳам йўқ эди,
Бўйла вайрон ким кўруптур анда мадфун бунча ганж.

Бутун  Туркистон  қаламравида,  ҳазрат  таъбири  билан  айтганда,  Оллоҳ  валийларининг мозору марқадлари жо-бажодир. Улар вайроналар ичидаги пинҳон ганжлар. Тавоф этаман, деб ҳар қанча азият чексангиз шу қадар қувватга тўласиз. Қалбингиз нурланади.
Куни-кеча  Туркистон  ҳам  Тус  вайроналари  каби  эмасмиди?  Бутун  олам  сўфийларининг қадамжосига  айланган  Хожа  Баҳоуддин  Нақшбанднинг  муҳташам  мақбара  ва  масжидлари «ганж кўмилган қабристон» эди-ку.
Ҳа, тарих қаърларидан чиқиб келаётган аждодларимизнинг руҳи шарифлари бизни ҳамиша сергакликка, ҳушёрлик ва мардонаворликка чақиради.

Мусулмонмиз,
Ҳар инсон
Инсон тарафга юрсин.
Бири-бирига пешвоз
Имкон тарафга юрсин...
Талотўп дунё ичра
Тўзим топмоқ истаган,
Минг ёлғонни оралаб
Бир чин топмоқ истаган,
Томирларида юрган
Сўзин топмоқ истаган,
Ўзин топмоқ истаган
Қуръон тарафга юрсин!
Мусулмонмиз,
Ҳар инсон
Инсон тарафга юрсин!

Мана шу тарихдан олинадиган сабоқ. Ибрат шу. Шарафманд аждодлар ким эдилар? Бугун дунёга ғурур билан кириб келаётган Мустақил Ўзбекистон, унинг мардонавор халқи аллақандай пучмоқлардан чиқиб келган инсониятнинг янги  гуруҳи  эмас, балки узоқ  тарихи давомида бир неча  салтанатнинг  тамал  тошини  қўйган  халкдир.  Бу  ўша  халқ.  Бухорою  Самарқандни  олам узугидаги  кўзга  айлантирган,  мусулмон  оламига  сабоқ  берган  алломаи  киромонларни
тарбиялаган, жаҳон маданияти, инсоният тараққиётининг бешиги бўлган Туркистон. Эсимда бор. Ҳалима эндигина ижодга кириб келган йилларда адабиётнинг катта билимдони, муҳтарам, суюкли устозимиз «Ўзбек шоиралари» китобини нашр  эттириб кўп  савоб ишга қўл урган  раҳматли  Тўхтасин  Жалолов  Ҳалиманинг  шеърлари  хусусида «Туйғулар  туғёни» сарлавҳали  мақоласида  шундай  деган  эдилар: «Ҳалима  ўзбек  аёл  шеъриятида  кутилмаган ҳодиса, унгача бу санъат кошонасида қандайдир сукунат, осудалик ҳукм суриб, кишини мудроқ босарди.  Ҳалима  бу  даргоҳга  бўрон  бўлиб,  сурон  бўлиб  кириб  келди-да,  тўлиқиб,  ошиқиб, тошиқиб баланд пардаларда қўшиқ бошлади.

Мен шунчаки ўйлагим келмас,
Хаёл — шароб мисол қилсин сархуш, маст.
Мен шунчаки куйлагим келмас,
Овоз пардаларим чидаб берса бас.

Шу  сатрлар  билан  бошланадиган  мумтоз,  шиддаткор  шеър  менга  шоиранинг  ижодий, ахлоқий, инсоний программаси бўлиб туюлди. Бу шеър тўлиғича олганда туйғуларнинг туғёни, жасоратнинг намойишидир.
Мен сизларни шу шеърнинг охирги байтларига эътибор қилишингизни истар эдим:

Шунчаки ёзмоқ-чи, кўнгил тўлмайди,
Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.
Шунчаки ёзганга чидаб бўлмайди,
Шунчаки ёзмоқ, бу — шоирга ўлим!

Ҳақиқатан  ҳам  шунчаки  ёзмоқ —  фақат  шоирнинг  эмас,  адибнинг  ҳам,  олимнинг  ҳам ўлимидир».
Бу мақола ёзилгандан буён 26 йил ўтди. Яқинда Ҳалима «Ўзбекистон овози» газетасида бир туркум янги шеърлар эълон қилди ва бу шеърлар орасида яна ўша бизнинг азалий қисматимиз —  шоирлик  хусусидаги  шеърга  кўзим  тушди.  Бу  ерда  мен  ўша «Демакки,  сен  шоирсан...»
шеърини тўлиқ ҳолда келтиршпни лозим топдим:

Нафақат
Ўтсанг ёзиб,
Куз янглиғ сўлиб, озиб,
Бозиллаган чўғ босиб,
Қўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!
Олтинми
Ё олмосда,
Тиғда юролсанг, рост-да
Итқитса, оёқ остда,
Тўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!
Нафақат
Кўтарса халқ,
Кўксингдан итарса халқ,
Пешонанг намакоб, талх,
Шўрдаям хайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!
Нафақат
Зар, зўрларни,
Узсанг, тўсин, тўрларни,
Чайқалтирсанг гўрларни,
Гўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!

Дарвоқе,  ҳамон  Турку  Турон  даштларини  томири  бақувват  қадим  халқимизнинг  гўрдаги Яссавий  пирим,  ҳазрат  Навоий,  улуғ  Бобур,  улкан  Бедил  каби  абад  ўлмас  фарзандларининг ҳайқириқлари тутиб ётмаяптими?!
Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларидаги ватанпарварлик жонфидолик, мардонаворлик маъносига уйқаш. Шеър руҳи лаҳзада сизни забт этади. Эҳтиросларнинг гувлаб, тошиб келган оқими қаърига тортиб кетади. Сўзлар алланечук жонли-жисмли туйғуларнинг тиғиз сафидек, уларни ёриб ўтгудек куч-қудрат йўқ, беихтиёр сиз ҳам ана шу оқим қаърида қолганингизни ҳис қиласиз. Мана бу «Ватан байроғи» шеъридан айрим сатрлар:

То бу байроқ, Ватан, нурлар
Ич-ичингга кетсин кириб.
Токи ғаним ватанхўрлар
Ололмасинлар суғириб.
Шундай ўргат қулни, хонни,
Учмас қуш ҳам учар бўлсин.
То байроқдан олдин жонни
Бермоқ осон кечар бўлсин.

Юқорида  таъкидлаганимдек,  жонфидолик  Ҳалима  Худойбердиева  шеърларидаги  асосий нуқталардан биридир. Бу энг олий мақсад йўлидаги фидойилик. Бу югурик замонда умрини ҳар нечук хору хазонга сочиб юрган, бораётган манзилини қандай ва қанақа эканини тасаввур ҳам қилолмайдиган, шунчаки ивирсиб юрган касу нокасларга хитоб қилаётган шоира дейди:

Аввал ичингда қил ибодатингни,
Аввал ичингда ёй шаҳд-қанотингни...
Ғам ема. Бир камдир, тўлдириб бўлмас,
Аввал ўз ичингга кир, кириб бўлмас.
Ички бургут кўклаб, ўзни урарми,
Ташқарида Сени ўлдириб бўлмас.

Одам боласи ўзининг бутун қисмати жараёнида бошидан кечирган кўргиликларини ўз қўли билан  ясаган фожиавий  бир «дурадгор»  баайни,  десак шоёни  диққатдир. Ўзининг  кимлигини англаб  етмаган,  ёруғ  оламга  нима  учун  келганини  фаҳм  этолмаган,  шоира  айтганидек,  ўз ичидаги ибодатхонада «ибодат қилолмаган» кимсалар ҳар нечук нурдан кўзи қамашган, бироқ заррача  бўлсин  иймон  нури  билан  борлиғи  ёришмаган  зотлар  ҳақида  ўз  қисмати  кулбасини
фожиалар ёғочидан тиклаган дурадгор дегинг келади.
Ҳаёт  муттасил  курашдан  иборат,  деган  маълум  ва  машҳур,  қарийб  ҳикматомуз  гапга айланаётган  қараш  доимий  ур-йиқит,  ҳаййоҳув,  ғавғо  дегани  эмас,  албатта.  Ҳаёт  бу  ҳар  бир зотнинг  ўз-ўзи,  ўзининг  жисмидаги  ғайриодамий  хуружлари  билан  кураши  ва  уни  батамом бартараф  этиши  деган  мазмунни  ифода  этади.  Курашиш  мумкин  бўлса,  аввало  нафс  билан, қабоҳат ва разолат билан мардларча курашиш жоиз. Ҳар нечук ҳолда, бошга қандай мушкулот
тушмасин,  эл-юрт,  мамлакат  тақдиридаги  энг  қалтис  синовларда  ҳам  таҳликага  берилмасдан бошни тик тутиб яшаш керак.

Ўтган қора кунлардан ҳали —
ҳануз карахтман.
Ҳар япроғи юракдай титраб
турган дарахтман.
Шу қолда ҳам олдинга ташлангувчи
Тик шаҳдман —
Болаларим,
қадни кўтаринг!

Ҳалима  Худойбердиева  кейинги  пайтда  бир  туркум  тўртликлар  ёзди.  Маълумки, адабиётимиз тарихида бу шеърий услубда ўз истеъдодини синаб кўрган шоирлар бармоқ билан санарли.  Аммо  айни  шу  шеърий  йўл  билангина  адабиёт  тарихидан  мустаҳкам  ўрин  олган забардаст  шоирларимиз  бор.  Менинг  назаримда,  шоиранинг  бу  йўналишдаги  изланишлари унинг  ижодий  тафаккуридаги  янги  бир жиҳатларни  кашф  этгандек. Шоиранинг  бутун  ижоди асосидаги  чуқур  фикрчанлик,  безовталик,  кутилмаган  ташбеҳларнинг  мақсад  билан  гоятда уйғунлашуви  унинг  бу  ихчам шеърий  йўлда  муваффақиятли  изланишларига  омил  бўлган.  Бу шеърларнинг  бир  жиҳати,  яъни  унинг  либоси  хусусидаги  мулоҳазалар.  Аммо  ана  шу  либос ичидаги  ботиний  маъно  ҳам  зоҳирий  кўриниш  билан  бағоят  сингишиб  кетган.  Натижада мухтасар шеърий услубда гўзал сўз тасбиҳлари яралгандек:

Тенгсизга чопарлар, тенглига бормас,
Минг қўйлига борар, мунглига бормас.
Тўйига, уйига борар, во дариғ,
Ҳеч ким бир-бирининг кўнглига бормас.
Гарчанд ер юзининг кора-оқимиз,
Гарчанд ганж-гувала, томи, тоқимиз.
Гўзал дунёларга бошлар йўл асли,
Сизнинг билан маним иттифоқимиз.

Одатда шеър изоҳланмайди, шеър англанади, деган гапни эшитганингаз бордир. Шунга амал қилиб  мен  бу  ерда Ҳалиманинг 4 — 5  тўртликларини  келтирмоқчиманки, 6у  асарларга  изоҳ ортиқча деб ўйлайман:

Навоий — нон. Тўсма. Унга борар йўлдан қоч, 
Ғашлик қилма, тўрт ённи ҳам ёритаркан тож. 
Навоийга ўзин урса, урма кофирни,
Ахир нонга мусулмону кофир бирдай оч.

* * *

Биров гўдак, бировлар ит боқиб боради,
Бировга гул, бировга кул ёғиб боради.
Бу бенаво дунёсидан наво тиланиб,
Мендек бир адашган дарё оқиб боради.

* * *

Бу дунёда менинг каби ғамдан барпо йўқ,
Тоғдай ғамин тил учига чиқармас тоғ йўқ.
Ҳеч ким мендек ўз кўз ёшин селида оқмас,
Ерда мендек гуррос солиб йиғлар дарё йўқ.

* * *

Бу умр — ўтар кўчадир. Ғофил ётма, туриб ўт,
Ётганлар бор, ҳолин сўра, кулбасига кириб ўт.
Бу кўча — байрам кўчадир, дўст-душман орасидан
Зийнатланиб, зеболаниб қушдай енгил юриб ўт.

* * *

Сеҳру сабоғимиз устидан юринг,
Доғ ўлдик. Доғимиз устидан юринг.
Чорланг. Биз борайлик. Ё ўзингиз келиб
Қошу кабоғимиз усгидан юринг.

* * *

Ютдиргану ютганимиз нимага арзир,
Ўтмагану ўтканимиз нимага арзир.
«Бошин олиб бир сориға» кетганда Бобур
Сизу бизнинг кетканимиз нимага арзир?!

Қўлингиздаги «Сайланма»дан тўртликлар кенг ўрин олган. Мутолаа чоғида сиз бунга амин бўласиз, аммо мен бошқа бир нарса хусусида гапирмоқчиман. Шоира ҳар қандай шароитда, хоҳ долғали, хоҳ суронли, хоҳ осудалик ҳолатларида ҳам шеър ижод қила олиш салоҳиятига эга.
Яқин  тарихимиздаги  энг  мудҳиш  ҳодиса — «Ўш-Ўзган  фожиаси»  деб  тарихга  кирган воқеалар  таъсирида  ёзилган  машҳур  туркумини  эслайлик.  Ёхуд  Мустақилликкача  бўлган даврдаги  шоиранинг  ижтимоий  публицистикаси  ва  унга  ҳамоҳанг  шеърларини  бир  ерга олайлик.  Аммо,  менинг  назаримда,  шоира  ижодидаги  янги  оҳанглар  тўлқини  бу,  шубҳасиз, Мустақиллигимиз  билан  чамбарчас  боғлиқдир.  Шоиранинг  кейинги  пайтда  қатор  газета  ва журналларда  босилаётган  туркумларида  озодлик,  эрк  каби  муқаддас  тушунчалар,  уларнинг миллат ва халқ тақдиридаги бемислу монанд аҳамияти ниҳоятда таъсирли тарзда ўз ифодасини топмоқда. Шундай бўлиши табиий, албатта.
Энг  муҳими,  юрт  бошида  ҳақиқий  эркинлик  қуёши  балқди.  Аждодлар,  ота-боболарнинг муқаддас  орзусини  рўёби  бизга  насиб  қилган  экан.  Биз  шу  кунларга  етиб  келдик.  Бунинг шукронасини  шеър  билан  адо  қилиб  бўладими?  Шоиранинг  ўзи  айтганидек: «Бу  кунларга етганлар бор, етмаганлар бор...»
Мен  бу  мухтасар  мақоламда  шеърият  мухлисларини  Ҳақиқий  Сўз  билан  мулоқотга чақираман.  Менинг  назаримда  шоиранинг  ўзи  бир  бутун,  тикланаётган  Сўзга  айланиб бораётганга ўхшайди. Қуйидаги сатрларга диққат қилинг:

Ҳурлик йўли — кураш йўли. Тик роҳларига
Чиқар экан гард тегмасин элнинг барига,
Кураш куйин қуйиб элнинг қулоқларига,
Тун бўйи оёқ учида юриб чиқар Сўз.
Оққан бўлсам ҳамки унинг пойида тинмай,
Элга нафим кам менинг деб нечун ўксинмай,
Мен биргина сўз ўстирдим,
Мангу кўз юммай
Туркий элни балолардан қўриб чиқар Сўз!

Таъбир жоиз  бўлса, мен Ҳалима Худойбердиева  ижодини,  унинг шоир юрагини  даврнинг доимий  таранг  торларига  ўхшатган  бўлардим.  Чунки  бўлиб  ўтган,  ўтаётган  ҳар  бир  ҳаётий жараёнлар  бу  юракдан  ўз  акс-садосини  топиб  бормоқда.  Гоҳ  мунгли,  гоҳ  забардаст,  гоҳ тасдиқловчи,  гоҳ  инкор  этувчи...  умуман,  бу  йўлларда  у  ўзининг  ўчмас  изларини  қолдириб бормоқда деб айтишга ҳар жиҳатдан ҳақлимиз, деб ўйлайман.

Ўзига тўқ, кўркам, хушбичим, оқ дўст,
Йиғлайман, Сизгамас, кўкси бедоғ дўст,
Пок, нопокни бирдай суёвчи тоғ дўст,
Йиғим сўлаётган болалар учун!

Олма сабоғидай ингичка бўйин,
Гоҳ етиб, гох етмай кўрмадик тўйин.
Ўлмасайди... буюк бўларди тайин,
Йиғим ўлаётган болалар учун!

Ичиб, учиб ётган боболари деб,
Тўзғиб, кўчиб ётган боболари деб,
Бир-бирини сотган боболари деб
Тўлов тўлаётган болалар учун!

Ишонч йўқ иймону, ҳаж, додларига,
Жаҳолат муҳр урган каж ёдларига,
Бир-бирин кирганда аждодларига
Ўхшаб кетаёттан болалар учун!

Агар биз бугун қаердадир хатога йўл қўйсак, адашсак, юртга нифоқ уруғини сочсак, булар беиз кетмаслиги, буларнинг барчаси учун бизнинг йўлимизнинг давомчилари бўлган, ортимиздан келаётган болаларимиз, авлодларимиз «тўлов» тўлаши муқаррардир. Мен бу ерда халқимиз бошига тушган қора кунлар, биродаркушлик фожиаларида ёзилган «Ўш-Ўзган фарёди» хусусида бир лаҳза тўхташни лозим топдим. Зотан, эслаб, юракдан ўтказилиб турилгандагина фожиалар қайтарилмаслигига кафолат бўлади деб ўйлайман. Қуйидаги «Бизлар ожиз...» шеъри Ҳалиманинг адолатсизликка, бегуноҳ тўкилган қонларга қасос бўлиб янграган
ўша «Унутганнинг куйсин икки дунёси» туркумига кирган эди...

Биз кайда-ю ҳақиқат, Ҳаққа
Бағир очган осмон қаерда!
Шарпа сезсак тўхтаймиз таққа,
Юрагида арслон қаерда.
Ҳали уз-о-о-қ бизлар чўкиб тиз
Яшагаймиз. Ҳоқон қаерда?
Тўниб-музлаб қолган қонимиз,
Алмаштирмоққа қон қаерда?
Йў-ўқ, гарчанд кетмади шўримиз,
Очимиз оч, тўқимиз тўйган.
Бизлар ожиз она бўримиз
Болаларин одамлар сўйган!
Бугун дунёи дун тескари
Бўриларни одамлар тишлар.
Сенга одам бўлиб ўсгани
Йўл қўймайди бугунги ишлар.
Кўз ёшимиз кетгандир қуриб
Қон ювмоқка кўз ёш етмайди.
...Боласининг кдсосин бўри —
Ўз гўрига олиб кетмайди.

Мен  шу  ерда  Ҳалима  Худойбердиева  ижодида  қасоскорлик  руҳи  устунлиги  билан  ҳам бошқа ижодкорлардан кескин фарқ қилишини айтиб ўтишим керак.

Бухенвальднинг қора мўриларидан
Тутун бўлиб қочиб чиққанлар — Ватан,

дейди  у  уруш  ҳақидаги  бир  шеърида.  Устозимиз  танқидчи  Озод  Шарафилдинов  шоира ижоди хусусида тўхталиб шундай дейди: «Ҳалима фожиавий руҳни берганда шундай сўзларни танлайдики, бу сўзлардан тутун, дуд чиқиб тургандай туюлади».

Бало Олой тоғ ошганин унутинг,
Бало бизга ёндошганин унутинг.
Қорачиқлар ўйиб олингани-ю,
Қароқлардан қон тошганин унутинг.
Унутганнинг куйсин икки дунёси!
Тозаланиб, қизғиш гилам ёзилиб,
Қонли излар кетаверсин босилиб,
Лабларининг четларидан қон сизган
Болачалар тураверсин осилиб...
Унутганнинг куйсин икки дунёси!

Ҳа,  рассом  кўзи  билан  кузатилган,  чизилгандай  бу  сатрлар,  фожиалар  ҳали  узоқ  йиллар бизни  ҳушёр  яшашга  ундайдики,  бу  ҳушёрлик,  бу  бедорлик  оқибати —  иншооллоҳ,  бундай дўзахий жараёнлар бошимизга қайта келмас!
Менинг  фикримча,  Ҳалима  халкимиз  бошига  тушган  кулфатлар,  ғам-андуҳлар,  қувончли кунларнинг бирортасига бефарқ қараб ўтмайди. Халқимиз «совет  армияси»  сафларидан  темир тобутларда  қайтган  ўғлонлари  боис  озмунча  озор  чекдими?  Ҳалима  бу  катта  ғамни  бутун даҳшати  билан «тобутларда  сарсон  армон»лар  даражасига  кўтариб,  ўзининг  ихчамгина «Каромат» шеърига сиғдирди:

Кўнглимда кўнглимнинг минг синиғи бор,
Кўнглимда ғамларнинг ўткир тиғи бор.
Йиғи бор, олдинда катта Йиғи бор,
Элнинг болалари ўлмас бекорга.

Обдон ювган билан ювиларми қон,
Қотилидан қочиб йўлга чиққан жон.
Тобутларда сарсон, армон-а, армон,
Бу болалар қони ёзилмас қорга.

Бу кун тинч денгиздай қалқсанг-да тек, жим,
Қаърингдан ўкириқ келмоқда, халқим.
Эртага бу жонсиз болалар қалқиб
Жонли виждонларни тортажак дорга!

Мен  Ҳалиманинг  ижодини  синчков  кузатиб  яна  бир  марта  дунёдаги  жамики  воқеа-ҳодисотлар  аввало  она  юрагида,  аёл  қалбида  зарбланиши,  акс-садо  беришига  амин  бўлдим.
«Худойим, элимга подшоҳлик бер», — деб илтижо қилади у бир шеърида.
Унинг шеърларида
Тирикликнинг ғами хам совға
ёки
Ай, дунё-я сен шундайин кўхна бозор 
Нарх-навосин тайини йўқ, тайин ғам бор

каби ҳикмат бўлиб дунёга келадиган ҳайратомуз сатрларга тез-тез дуч келиш мумкин.
Ҳалима Худойбердиева ижодида муқаддас юрт камоли, бугун бошимизга қўнган Ҳумо қуши —  Мустақилликкача  бўлган  орзу,  армон,  нафрат,  исёнлар  бугун  бошқача,  хотиржамроқ рангларда  кўриниш  бермоқда.  Аммо  эътиқод,  принцип  ўша-ўша.  У  чучмаллик,  ўрталикни ёқтирмайди.
«Ҳаётим  ё  жаннат  бўлур,  ё  дуд,  жаҳаннам»  деган  сатрларини  ўқигандим  унинг 1-курсдалигида чоп этилган «Илк муҳаббат» китобида. У ўша-ўша Ҳаққа ёвуқ, хоксорга йўлдош.

Мен фарзандман тупроқ юз ҳаққа,
Мен бурчакдан отилганники,

деганди у кейинроқ ўзининг «Тарафкашлик» сарлавҳали шеърида.
Ўша-ўша кескин.
Жонажон Ватан шаъни,  эрки  хусусида  гап  кетганда,  ҳеч иккиланмай  азиз жонини  гаровга қўйиб  қўлига  қалам  оладиган  ижодкорлардан  деб  биламан  мен  уни.  Биз  ўшандай  яшаганда, ижод  қилгандагина  бугунги  эркимиз  бедахл  бўлади, мангу  бўлади. Мана  бу унинг  энг  сўнгги шеърларидан бири — «Эрк йўли»:

Бари ёлғон,
Шу йўлгина чин.
Бу йўлда юрмайсан, учасан.
Фақат унда кетмоқлик учун
Ўзинг бор-йўғингдан кечасан.
Отланаркан тонг ёки кечда,
Ичга тўлдир озодлик куйин.
Бор лаш-лушинг бирма-бир еч-да,
Бошдан-оёқ ҲУРЛИКни кийин!
ЭРКка тўйин!
Керак тамоми
Муҳтожликдан ўзни қутқармоқ.
Худойимнинг тоза йўлида
Қандай байрам кишансиз бормоқ!
Қайиролмас ҳеч ким шохингни,
Қирқилади ғилофу қинлар.
Бошингдаги эрк кулохингни,
Бошинг олмай ололмасинлар!
О лол-ма-син-лар!

У ўзининг ўтган улуғ карвонлар, боболари, момоларининг давомчиси эканини ҳар лаҳза ҳис этиб,  бу  масъулиятни  чуқур  тушуниб  қалам  тебратади.  Ҳалиманинг «Тиловчиман»  деган шеърида шундай сатрларга дуч келдим:

Мен ким,
Мен бир мунглиғ сингил, тиловчиман,
Оғаларим кипритим-ла силовчиман.
Оғаларим бир-биридан кечар осон,
Жоним ипдир, мен уларни уловчиман.

Борлиғимни яратганлар ишқ, оҳлардан,
Қонлар, шонлар кечган ёвқур гувоҳлардан.
Ўч олганда ёғийлардан, гумроҳлардан
Тўмариснинг кўлларини қўлловчиман.

Биҳамдиллоҳ, қолсам ҳамки синиб, қуриб,
Сўз айтарман хоки-туроб бўлиб туриб.
Авлодимни қайтмасликка онт ичдириб,
Амир Темур йўлларидан йўлловчиман.

Шундай, биз ўтмиш байроқларимизни севиб тик кўтарган ҳолдагина ҳаёт йўлларида ўзимиз тик кетамиз. Болаларимиз тик кетадилар. Мен Ҳалима ҳақидаги сўзимни танқидчимиз Озод Шарафилдиновнинг фикри билан якунламоқчиман. «Ҳалима бугун шеърларида ҳақиқат ва адолат жарчиси бўлиб қолди. Унинг шеърларида ҳаёт фожиалари, драмалари билан ифодаланса-да, мардонавор руҳини йўқотган эмас. Ҳалиманинг шеърияти бизни бедорликка чақиради, виждонимизни уйғотади.
Вужудимиздан лоқайдлик балосини сиқиб чиқаришга ёрдам беради. Бу шеърият кўп йиллар мобайнида кирланган руҳиятимизни поклашга ва бутлашга хизмат қилади».

Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони.


 

Саволлар  

 
#1 махмуда 01.06.2014 18:33
ассалому алейкум мен сизнинг хамма шерларизни колдирмай укийман менга сизнинг шерларингиз жуда екади мен козогистондан боламан,менинг дугонам якинда турмушга чикмокчи шунга агар малол келмаса яхши маноли бир шер езип беришингизни илтимос килмокчи едим,ижодингизг и омад тилайман
Иқтибос қилмоқ
 

Савол беринг


Ҳимоя коди
Янгилаш