Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Абу Муслим. Асранди бола ноласи (қисса)
Facebook
Абу Муслим. Асранди бола ноласи (қисса) PDF Босма E-mail

Ёмғир ёғаяпти. Кўнгилга умид, ҳаётга ишонч, атрофга муҳаббат уйғотадиган баҳор ёмғири эмас, изтиробли, маҳзун хотираларни эсга соладиган изғирин куз ёмғири. Дераза олдида ёмғирни кузатишни яхши кўраман. Аслида бу ҳиссиёт қалбимга қачон ўрнашганини билмайман, тўғриси. Балки болалигимдан кўзимдаги ёшларни бировга кўрсатмагани учун ёмғирни яхши кўриб қолганмидим. Ёмғир ёққан кунлар бола кўнглим алланечук изтиробга тўлар, осмонга қўшилиб мен ҳам йиғлагим келарди. Йиғлардим. Мактабдан қайтишда йўл бўйи қалбим билан йиғлаб уйга келардим. Сочларимдан томаётган томчилар юз-кўзимни ҳўл қилар, ўксиб-ўксиб йиғлаганимни биров билмасди. Балки ёмғирдан вафо кўрганим учун уни бу қадар яхши кўриб қолганмидим?..

Болалигим дейману, аслида мен туғилибоқ улғайганман. Қисматим улғайишга мажбур қилган. Болалигимда ёмғир мен учун дард ва соғинч, изтироб ва қайғу, хўрлик ва алам томчилари эди. Шундай бўлса-да, ёмғир ёғишини интиқ кутардим. Баъзан узоқ кутганим ёмғир ёғмаса ўзимни буткул етим ҳисоблардим. Буткул...

Дарвоқеъ, мен ота-онасиз етим эдим. Етимлик ва асрандилик... Қўш дард муштаккина юрагимнинг икки ёнини тўлдириб, ўртасида фақат армонга жуда тор бўлган жой қолдирганди. Буни ёшлигимдан билганим боисми, менга жуда оғир бўлган. Билганимдан билмаганим яхши эди, бироқ афсуски, билардим ва изтироб чекардим. Атрофимдагилар мени хафа қилиб қўймасликданми ё бошқа сабабданми етим, асранди эканимни менга билдирмасликка ҳаракат қилишарди. Ўзим ҳам бировга бу ҳақида билдиришни истамасдим. Бироқ мурғак руҳим билан ўзим қолганимда юрагим ёнарди, ичимни алам ачитиб, кемтиклик куйдирарди. Бу изтиробни етимликда ўсганлар ҳис этадилар. Ҳеч қачон бахтли бўлолмасам керак деб ўйлардим. Нима қилай, бола эдим, ғўр эдим-да, инсон тўкис бахтга эришмоғи учун фақат ота-онали, бутун оилада туғилиб улғайиши керак деб ўйлардим. Мен кейин англадим, ҳаёт ҳақиқатини, умр моҳиятини кейин англадим. Бу дунё ва охиратда тўлиқ бахтли бўлиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиб, Унинг розилигига эришмоқ керак. Инсон учун фақатгина Роббисининг розилигига эришиш саодат эканини, бу саодатга солиҳ ва комил феъл, ҳусну хулқ, гўзал амали борлар эришмоғи мумкинлигини кейинчалик англадим. Ва яна англадимки, етимлик мен ўйлаганчалик бахтсизлик ва мусибат эмас, балки Парвардигорнинг синови экан. Мусо алайҳиссалом етим ва ташландиқ бўлгани билан Аллоҳ таоло у зотни улуғ пайғамбарлардан қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом ҳам етим эмасмидилар? Не-не буюк авлиёлар, алломалар, комилу фузалолар етимлик жафосини тортганлар. Биз ҳусну хулқлари, илму иймонларига ҳавасда бўлганимиз кўп даҳолар етимлик изтиробларини чекканлар. Балки Аллоҳ бу кемтикликни Ўзининг олдида даражаси улуғ ва ахлоқи мукаммал инсонларга раво кўргандир?

Етим ўсган боланинг ҳар бир оҳи, нигоҳи шу бир саволга қадалган ва бир ўй атрофида айланган бўлади: “Менинг ота-онам ким?” “Нега мен бировларнинг қўлидаман?” “Нега бундай? Нега айнан мен?” Албатта, буларнинг ҳаммаси тақдирда рақам қилингани, ҳатто пайғамбарлар ҳам етим ўсганлигини кейинчалик, Исломни таниб била бошладим, қалбим хотиржамлик чашмасини топгандек бўлди. Қиёмат муҳаққақлигининг яхши тарафи шу эканки, бу дунёда сир бўлиб қолган нарсалар очилар экан. Ҳақиқий дийдор ўшанда бўлади, ота-онасини кўра олмаганлар қиёматда кўришади, иншааллоҳ. Бу ҳақиқатлардан хабар топган онимдан бошлаб, етимлар қиёматга кўпроқ интизор яшасалар керак, дея ўйлайман. Қиёмат кунининг подшоҳи — Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг заррача амалларини ҳам қолдирмай ҳисоб-китоб қилади. Бировнинг ҳаққи бировда қолиб кетмайди. Синовни Ўзи беради, биз уни тақдир деймиз ва тақдирга тан берамиз. У Зот меҳрибонлигини кўрсатиб, оғир қисматнинг юкини енгиллатиш учун сабру жамил ҳам ато этади. Ва охиратда мукофот билан ҳам сийлайди…

Айтишларича, туғилганимдан бир неча кун ўтиб, онам раҳматлик туғуруқхонада вафот этган экан (Аллоҳ таоло шаҳодатларини ҳусни қабул айласин!). Отамиз эса тушкунлик важиданми ё бошқа бирор рўкач биланми, мени туғруқхонадан олиб чиқмаган эканлар. Бир ойча туғруқхонада фарзанд кўрган аёлларнинг сути билан озиқланиб яшаган эканман. Сўнг яхши одамлар боқиб олишган… Кейинчалик билсам, отамиз икки катта акамизни мактаб-интернатга берган эканлар. Опам ва энди икки ёшга тўлган кичик акамни раҳматлик онамизнинг ота-оналари ўзларига олишган экан. Онамизнинг ўлими билан катта бир оила парчаланиб кетган экан. Кейинроқ эса отамиз бошқа турмуш қилган эканлар. Албатта, онасиз қолган болаларнинг додини, оҳ-ноласини ким ҳам эшитар эди? Тўғри, отамизнинг уйланишга тўлиқ ҳақлари бўлган. Отамни садоқат, вафо ва меҳрдан юз ўгирди, деб айблай олмайман. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Ўзлари нимани тўғри деб билган бўлсалар, шуни қилганлар. Ҳар ким қилганига яраша ўзи жавоб беради. Айтганимдай, ҳар бир сирнинг очиладиган куни, мавриди бор — Рўзи машҳар. Отам нега бундай қилганлари мен ва жигарларимга ўша Кундан очиқланади.

Болалигимда кўп йиғлардим. Айниқса, мана шундай ёмғирли кунлар бўлса менга Худо берарди. Хўрсиниб-ўксиниб йиғлардим. Баъзан оёқларимни ерга уриб, баъзида эса сўзсиз кўз ёш тўкардим. Кейинроқ, ёшим ўндан ошгач, йиғи ҳам қолмади, йиғлаш нималигини унутиб ҳам юбордим. Кўз ёшсиз, ич-ичимдан йиғлайдиган, ҳасрат чекадиган бўлдим. Ғам-қайғуларимни ўзгаларга кўрсатмасликка ҳаракат қилардим. Аммо ҳар доим, ҳамма вақт ота-онамни қўмсар, соғинар, улар билан дийдор кўришишни истар эдим. Бу илинж мени бир сонияга бўлсин тарк этмаган.

Уларни топсам, дийдор насиб этганида айтмоқчи бўлган дил сўзларимни ўзимча пухта ўйлаб, гап-сўзларни ич-ичимдан тайёрлар, кунига тайёрланган сўзларни ичимда такрорлардим. Вақт эса шафқатсиз тарзда тез ўтар, мен ҳануз ҳижрон ўтида ёнар эдим. Кўрмасдан севганларимнинг дийдорларига етишиш ҳеч насиб қилмасди. Ёшим қирқни қоралаб, кексалик остонасига яқинлашганим сари умид учқунлари ҳам сўниб бораётир эди.

Гўдакликдан етимликнинг оғир юкини кўтарган бўлсам ҳам, Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олган эди. Яхши одамлар қўлида ўсиб-улғайдим, ўқидим. Уйлантириб қўйишди. Уйлик-жойлик, бола-чақалик ҳам бўлдим. Бироқ чидаб бўлмайдиган, шиддатли олов каби куйдираётган, етиб бўлмайдиган армоним қалбимни асир этган эди: “Мен ҳам ўз ота-онамни кўраманми? Улар ким? Нега бундай бўлган?”, “Мендек ғариб, қалби ўксиклар ҳам мендек азоб чекадиларми?”...

***

Мен кабилар кам эмаслигига умр йўлимнинг ҳар бекатида амин бўлиб боравердим. Аҳрор исмли танишим бўларди. Бадавлат хонадоннинг ягона фарзанди бўлган бу йигитга кўпчилик тенгдош дўстлари ҳавас билан қарар, тўкин ҳаёт илинжидаги қизлар эса ошкора унга мойиллик билдирардилар. Ўша пайтларда бизга ғалати туюлгани шуки, Аҳрор бадавлат оила фарзандларига хос бўлган мутаккабирлик ва манманликдан узоқ, тиришқоқ, илмга иштиёқи баланд эди. Ўқишни тугатиб, ҳамма ўз йўлидан кетган эди. Бир куни илмий ишим юзасидан Аҳрор билан учрашишга тўғри келди. У ҳам ўқишни хориждаги нуфузли таълим даргоҳларидан бирида давом эттириб, юртга қайтиб илм билан шуғулланаётганидан хабарим бори эди. Кундузи иш билан бандроқ эканми, кечқурун уйига ўтишимни қайта-қайта такрорлади. Оқшомга яқин манзил бўйича айтилган жойга бордим. Эшикни оқ либос кийиб, оппоқ рўмол ўраган, ёши улуғ мунисгина онахон очдилар. Салом-аликдан сўнг, меҳмонхонага чорлаб, тузоқлиқ дастурхонга даъват қилдилар. Бу орада эшикда қучоқ очган Аҳрор кўринди. Дўстим билан иш, ҳаёт, бола-чақаларимиз ҳақида узоқ суҳбатлашдигу хаёлим мени эшик олдида қаршилаган аёлда бўлди. Бир кўнглим “Қайнонасимикан?” деган ўйга ҳам борди. Бироқ аёлнинг юз-кўзи дўстимга ўхшар, ҳар замонда “Болагинам” деб бизга чой олиб кираётган аёлнинг самимияти юрагимда мудраб ётган онамга бўлган соғинчни уйғотарди. Ўйга ботганимни Аҳрор сезибди, чоғи кулимсираб гап бошлади:

— Булар онам бўладилар...- Собиқ курсдошимнинг ота-онаси таниганим учун ҳайратимни тилимга кўчиргани улгурмай қўшиб қўйди: - Ўз туққан онам...

АҲРОР ҲИКОЯСИ

Мен асранди бола эдим. Боқиб олган ота-онам — амаким ва келинойим ўн беш йил фарзанд кўришмаган. Бу орада ота-онам турмуш қуриб, тўрт фарзандли бўлганлар. Онам бешинчи фарзандлари — менга юкли бўлганларида қайноналари – бувим болани дунёга келтириб, онам- келинойимга беришларини, шундай қилмасалар, тўрт боли бўлишларига қарамай, ажратиб юборишрини айтиб таҳдид қиладилар. Онам бояқиш тўрт ака-опам ва оилаларини ўйлаб, юраклари қақшаса ҳам бу шартга кўнадилар. Тўққиз ой ҳомила кўтариб, туғруқхонага бориб, фарзанд дунёга келтирадилар-да, чақалоқларини овсинларига қўш қўллаб бериб ўзлари қуруқ қўл билан уйга қайтадилар. У кезларда иккала ота-онам ҳам қўшни яшашган экан. Онам кечалари кўкракларига сут тўлиб, шишиб қийналаб чиқар, ярим тунлари бизнинг ҳовлимизга ўтиб очликдан чирқирраб йиғлаётган менинг овозимни эшитиб ҳўнг-ҳўнг йиғлар эканлар. Бир-икки марта онамни бизнинг ҳовлида кўргач, ота-онам шаҳарга кўчиб келишга мажбур бўлишади. Отам — амаким раҳматли:

— Қишлоқда сенинг асранди эканингни, бизга Аллоҳ тирноқ бермаганини ҳамма биларди. Мактабга борганингда, кўча-кўйда бирор ким айтиб қўймасин, деб шаҳарга кўчиб келдик,- дегандилар. Отамнинг ишлари яхши эди. Биз яхши яшардик. Лекин негадир ота-онам қишлоққа кўп боришмасди. Ўша пайтларда мен бунинг сабабини тушунмасдим. Кейинчалик, мени ўз ота-онамдан қизғаниб қишлоққа боришдан тийилганларини англадим. Бу орада мактабни битириб, талаба бўлдим. Ўз ота-онамга “амаки”, “келинойи” деб мурожаат қилардим. Биринчи курсда ўқиб юрган кезларимиз, момом — отамнинг оналари бетоб бўлиб қолдилар. Хасталиклари охират сафари олдидан тараддуд эканини англаган момо менга ҳақиқатни айтишга қарор қилибдилар...

Ўша кундаги ҳолатим бир умр эсимдан чиқмайди. Мен ота-онаси тирик бўла туриб, бегона хонадонда улғайганман. Ўша кезларда ота-онамни ҳеч кечиролмасдим. Онам йиғладилар, отамнинг бошлари қуйи солинди. Момом раҳматли ўшандан кўзлаган мақсадларини очиқ-ойдин тан олдилар:

— Болам, ҳар қанча айблов бўлса менга қўйгин. Чунки, онанг менинг зулмимга қарши боролмай сени овсинига тутқазган бўлса, отанг онасининг гапини икки қилишга журъат қилолмагани учун зурриётини жигарига фарзандликка берди. Сени беришмаганида ҳам ота-онанг бола асраб олиши керак эди. “Дет дом”дан бегона, насл-насабининг тайини йўқ болани асраб олиб, оғиз-бурнини қон қилмасин дедим. Боламнинг йиғиб-тергани, молу давлати ўз жигарининг зурриётига қолсин дедим...

Тўғри, ўша пайтларда бу гапларнинг моҳиятини тушунмасдим. Барибир ўз ота-онамдан ҳам, асраб олган ота-онамдан ҳам ранжиб юрдим. Бу орада ўқишни тамомлаб уйландим. Ўқишимни хорижда давом эттириш учун кетдим. Кутилмаганда отам — амаким вафот этдилар. Юртга қайтдим. Онам ёлғиз қолганлар учун ўқишимни кечиктиришимга тўғри келди. Афсуски, отамнинг вафотларига олти ой тўлиб тўлмай онам — келинойим ҳам вафот этдилар. Ундан кейин оиламни ҳам хорижга олиб кетиб, ўқишни давом эттирдим. Қайтганимдан сўнг, ўз ота-онамни Ҳаж зиёратига жўнатдим. Дунёдан ўтган ота-онам — амаким ва келинойимга “ҳажжи бадал” атадим. Онам тез-тез уйимизга келадилар.

— Болалигингда бермаганим, беришга имконим бўлмаган меҳримни беришга улгурайин,- дейдилар.- Авваллари ота-онамдан жуда хафа бўлардим. Улғайиб, ўзим ота бўлиб ота-онамга жуда қийин бўлганини, ўзинг тирик бўла туриб, болангни бировга бериш ва қўл-оёғинг боғлиқ бўлиб, болангни бағрингга босишдан маҳрумлик таърифлашга қийин уқубат эканини энди ҳис қиляпман...

Аҳрорнинг ҳикоясини жимгина эшитдим. Сукутда... Мен ҳам айни шу изтиробдан бебаҳра эканимни билдирмадим, албатта. Аммо барибир Аҳрор мендан кўра анча саодатли ва ҳеч нима йўқотмагандек туюлди дардим олдида. У ҳақиқатдан хабар топган, яқинлари, жигарлари билан алоқа ўрнатган ва ўз амакисининг тарбиясида улғайган. Мен бўлсам... Тўғри, ота-онам ҳеч қачон мендан бирор нарсани қизғанмаганлар. Меҳр, гўзал тарбия, одоб, илм олишимга имкон. Балки ўз ота-онам бағрида улғайганимда булар менда ҳозиргидек бўлмаслиги ва ёки бугунгидек яхшилар, олиму фузалолар даврасида бўлмаслигим мумкин эди, деб кўп ўз-ўзимга таскин беришга уринаман. Бироқ кўнгил яралар жароҳатига етарли малҳам бўлолмайди бу таскинлар... Ахир, мен отам, онам, жигарларимни бир мартагина бўлса-да кўрмаганман. Баъзан бу дийдор Қиёматга қолганмикан, деган ўйдан кўнглим тирналади...

****

Асранди бўлганим учунми, ҳар доим мени асранди ва етим болалар, уларнинг ҳаёти, қисмати қизиқтиради. Аксарият ҳолларда асраб олинган болалардан ҳақиқат — насл-насаби сир тутилади. Бу уларга нисбатан қилинган жуда катта адолатсизлик ҳисобланади. Ҳаттоки, зулм даражасида! Манбаларни титиб, бир йилда ўн мингга яқин бола онаси томонидан туғруқхоналарда ташлаб кетар экан. Болалар шифохоналарида ота-оналари ташлаб кетган қирқ мингга яқин чақалоқлар қайд этилгани эса ниҳоятда изтиробли. Жуда кўп болалар Совет иттифоқи даврида туғруқхона ёки болалар уйининг ўзидан асраб олинган. Ҳозир ушбу болаларнинг ёшлари ўттиздан элликка бориб қолди. Ишончим комилки, уларнинг ичида диндошларим ҳам бор. Болаларни асраб олиш жараёнида ушбу болаларнинг энг муҳим ва азиз нарсасини – ўзи ҳақида билиш ҳуқуқи тортиб олинган. Мен бола асраб олиш сирини назарда тутяпман, яъни бунга кўра, боланинг ҳақиқий маълумотлари сир сақланади; яна ўзлари тасодифан ҳақиқий фарзандлари эмаслигини билиб қолганлар ҳақида. Ҳатто, асранди болаларга асраб олган одамларнинг ўзлари айтган бўлса ҳам. Улар қандай қилиб ҳақиқатни билгани муҳим эмас. Ҳақиқий исм-шарифлари, туғилган жойлари, таваллуд топган кунлари ва қандай туғилганларини билмайдиган, ўзларининг ҳақиқий ота-оналари, ака-укалари ва опа-сингилларини билмайдиган асранди болалар улғайиб, вояга етиб қолди. Катталар ўзларининг ихтиёрларига кўра қарор чиқариб қўйган болалар. Кимдир ташлаб кетган, кимдир эса жойлаб қўйган, кимдир эса бошпана берган. Бироқ, бу болалар учун қилинган хайрли ишлар - уларнинг ҳақиқий ота-оналарининг исмларини яшириш учун сабаб бўла олади-ми, ахир?

Бола асраб — асраб олувчи ва асраб олинган ўртасида ота-она ва фарзандларга хос бўлган ҳуқуқий муносабатларнинг ўрнатилиши. Жамиятимизда аксар одамларнинг фикрига кўра, ўзларининг биологик (ҳақиқий) ота-оналарини излаётган болалар ношукр ҳисобланади. Жамият уларнинг ҳолатини ҳис қилиб кўришни истамайди. Аксинча, улардан ўзлари ҳақида ҳақиқатни билишни истаганлари учун тавба қилишлари кераклигини талаб қилади, ажабо. Ўз томирларини излаётган, асраб олинганлар нималарни эшитмаган дейсиз: “Сен ҳеч кимга керак бўлмаганингда, сени оилага олишди, энди бу қилганинг нимаси?”, “Алкашлардан бошқа, кимни ҳам топа олар эдинг?”, “Ҳали шундайми, болалар уйида яшаб кўрганингда сени асраб олганларнинг қадрига етган бўлардинг!”. Бу маломатларнинг энг оммабопи: “Туққан эмас — боққан она!” деган мақолнамо ибора. Балки қайсидир маънода бу гап ҳам ўз исботини топар, лекин бу дегани асранди болани аслиятидан айириш дегани эмас-да. Жамият олдиндан уни тарбия қилиб олган оилага ёмон муносабатда бўлгани учун ёки унинг яхшиликларини инкор қилиш учун асранди бола ўз қариндошларини изламоқда, деб ўзича хулоса чиқариб қўйган. Бу хулосасига “Етим қўзи боқсанг оғиз бурнинг мой бўлар, етим бола боқсанг оғиз-бурнинг қон бўлар!” дея нисбатлайди. Ким учундир бу иборалар қофияси келишган мақол бўлиб туюлар, аммо асранди, етим болаларнинг юрак-бағрига наштардай ботиб, жароҳатининг қонини кўзларидан оқизади. Ғофил бандалар Аллоҳ ярим қилган кўнгилни тили билан чил-чил синдиришдан ҳаё қилмайдилар. Гўёки, минг йил яшаш ваколати қўлларида. Гўёки, Аллоҳнинг синовлари, мусибатларидан тўла ҳимояланганлар...

Жамият ўзининг ҳақиқий ота-оналарини асраб олувчиларнинг розилиги билан излаётганлар ҳақида нима дейди? Бир таниш қизнинг ўлим тўшагида ётган асраб олган онаси ҳақиқий қариндошларини топишга рози бўлган эди. Қўлида ҳақиқий ота-оналари ҳақида маълумот излашга рухсати бўлган қиз расмий равишда ҳеч бир натижага эриша олмади. Ўзи туғилган туғруқхонада ишлайдиган оддий одамлар ёрдам беришди. Энг ёмони, ҳақиқий ота-онасини излашга киришган асранди фарзанд, бу йўлдаги ҳар қандай натижага тайёр туриши керак. Қандай ота-она топилиши аҳамиятга эга эмас. Жамият сенинг тақдирингга хўжайин бўлишни истайди, эҳтимол, шундай бўлиши ҳаммага яхши бўлса керак деб ўйласа керак: сенга – оилага, оилага – болага. Бироқ жамият сендан унутиб юбориш, хотирангдан ўчириб юбориш мумкин бўлмаган нарсани талаб қилиши - адолатсизликдир. Жамият сендан ўзингни, томирларингни билиш учун қилаётган ҳаракатларингдан воз кечишга мажбур қилади. Жамият “Мана, асраб ол, сўнг улар ўзининг ҳақиқий онасини излашга тушади!”, - дея ҳайқиради. Шунга ўхшаш сўзлардан сўнг, сен ўзингни айбдор ҳисоблашни бошлайсан.

Ҳақиқий ота-оналарини излашга қарши бўлганларнинг фикрича, асраб олиш ҳолати юз берганда оила бу мурувват, бола эса мурувват кўрсатилган тараф. Бироқ, қандайдир бир оила бола асраб олмоқчи бўлганида улар икки сабаб ила бу ишни амалга оширадилар: улар болага ёрдам бериш учун ёки ўзларига ёрдам қилиш учун бола асраб оладилар. Ёлғизлик, фарзандсизликдан, баъзилар қандайдир моддий ёрдам учун ҳам бола асраб олиш учун (баъзи минтақаларда асраб олувчилар учун нафақа берилади ёки кимларгадир уй олиш учун сертификат берилади). Кимларгадир рўзғор учун қўшимча ёрдамчи қўллар керак (бу қишлоқ жойлар учун жуда долзарб). Мен бола асраб олганларнинг болаларини қайта болалар уйига топшириб юборганлар ҳақида лом-мим демаяпман. Қайтариб берган бундан асраб олувчилар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин? Улар кимга мурувват кўрсатишди?..

Бу ҳақида менга интернетдаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири ёзди. Саҳифамда қисматим билан боғлиқ пост қўйгандим. Шахсий хабарлар саҳифасига мактуб келди. Мактуб муаллифининг розилиги билан уни чоп этишга қарор қилдим:

ЮЛДУЗ ҲИКОЯСИ

“Ассалому алайкум! Саҳифангизга жойлаштирилган блогпостни ўқидим. Жаноб, ўзингиз билмаган ҳолатда кўнгил яраларимга тегиниб қўйибсиз. Мен ҳам етиммман. Асрандиман. Энг ёмони, икки марта, икки оила томонидан асраб олинганман. Мени эса биринчи оила етти ёшимда асраб олишган. Ўша воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Болалар уйининг директорини “ойижон” дердик. Ўзи биз болалар уйида катта бўлган болалар турмушга чиққан, чиқмаган барча тарбиячиларимизни “Ойи” деймиз. Худди ўз онамиздек меҳримизни қўйганимиз учун бизни асраб олишларин ҳам истамасдик. Лекин тарбиячи-ойиларимиз:

— Сизлар бу ерда вақтида ўқиб, кўнглингиз тусаган овқатларни еб, тоза чойшабларда ухлаб, яйраб яшашингиз мумкин. Лекин эрта бир куни улғайиб жамиятга қўшилганингизда “Детдомнинг боласи!” деган тавқ билан юришингизга тўғри келади. Шунинг учун болага муҳтож оила асраб олмоқчи бўлса, боришингиз, ўша оилага сингиб, ўз фарзандидай бўлишингиз керак. Айниқса, қиз бола учун ҳаёт жуда мураккаб. Қиз бола узатилиши, бир оиланинг бекаси бўлиши керак. Шунинг учун ҳам оилавий муҳитни кўришингиз керак,- дейишарди. Сиз биласиз, жаноб, етимлик, ота-онасизлик, ташландиқлик болани ёшидан аввал улғайтиради. Етти ёшимда 10-12 ёшли боладек фикрлар эдим. Бола асраб олмоқчи бўлганлар мени фарзандликка танлашганида директор ойимга ёпишиб қаттиқ йиғлагандим. Негадир, мени бораётган оилада мени меҳр-муҳаббат эмас, маломат ва жаҳолат кутаётганини бола кўнглим билан ҳис қилганмидим. Хуллас, директор ойим мени эркалаб, “Юлдуз қизим, ўз оиланг, онанг, даданг бўлади. Сен яхши қизсан-ку, йиғламайсан. Ақлли қиз бўлиб, мени, ойиларинг, ўртоқларингни кўргани келасан”, деб қайта-қайта юпатдилар. Йиғлаганимда менга қўшилиб асраб олмоқчи бўлган аёл ҳам йиғлаганди. Мени овутишга уриниб, ўпиб-суйганди. Балки шунданми, меҳрим тушиб улар билан кетдим. Узоқда туришар экан. Вилоятнинг чекка қишлоқларидан бирида. Баланд қурилган, дарвозаси катта, ҳашамдор уйга келдик. Бошида менга роса меҳрибонлик қилишди. Худди болалар уйидагидек алоҳида хона ажратишди. Мазали овқатлар, егуликлар. Деярли, ҳар куни меҳмонга олиб боришарди. Уйларига меҳмон чақириб мени кўрсатишарди. Орадан бир ойларча вақт ўтиб мен мактабга чиқа бошладим. Биринчи синфга. Мактабга чиққунимгача болалар уйини, тарбиячи, ўртоқларимни соғинмаган эдим. Мактабга чиққан биринчи кунимда уларнинг ўрни билинди. Ўқитувчи мени бир қиз билан бир партада ўтирғизганди, онаси жанжал кўтариб қизини бошқа билан ўтқизди. Мени асраб олган онам аёлдан жаҳли чиқиб уришиб кетишди. Хуллас, қишлоқ жойи шунақа экан-ки, ота-оналар боласига “Фалончи билан ўйнама, у асранди”, “Фалончининг қизи билан гаплашма, у ҳароми” деган гапни бемалол гапиришар, болалар ҳам маънисини ўзлари тушуниб-тушунмай: “Сен ҳаромисан!”, “Сен асрандисан!” деб маломат қилаверишади. У ерда икки йил яшадим. Мактабда ўқитувчим ҳам, ўқувчилар ҳам мени камситишар, мени асраб олган оила буни билса-да, ҳимоя қилишмасди. Айтганча, уларнинг бир ўғли ҳам бор эди. Менимча, ўғлидан кейин бошқа фарзанд кўрмаган бўлишса керак. Чунки у бола мендан анча катта, аллақаерда лицейда ўқир, душанба куни кетиб, шанба куни тушдан кейин келарди. Оиланинг ўғли мендан жирканар, мени жуда ёмон кўрарди. Бир куни онаси менга:

— Акангнинг пайпоқларини ювиб қўй!- деганди, шиддат билан келиб қўлимдан пайпоқларини тортиб олиб, онасига:

— Ювсангиз ўзингиз ювинг, бу мени нарсаларимга тегмасин!- деб бақирди. Мени биринчи марта асраб олган аёл ҳеч қачон мени бола ўрнида кўрмаган. Унга тайёр хизматкор эдим. Ҳатто қўлимдан келмайдиган, кучим етмайдиган ишларни ҳам буюрарди. Эплолмасам калтаклаб хўрларди. Гарчи ўзига тўқ хонадон бўлса-да, менга ҳеч қачон янги кийим кийдиришмас, аллақаердан эски-туски кийимларни олиб келиб кийдирарди. Ўқишга қизиқардим. Китоб ўқирдим. Асраб олган онамнинг жаҳли чиқиб:

— Сен ташландиқ китоб ўқиб нима қиласан, товуқларга қара, қўйларга ўт юлиб келгин!- деб уйдан ҳайдаб соларди. Кечалари ухлаб қолгунимча йиғлардим. Кундузлари бир пана жой топсаму тўйиб йиғлаб олсам, дердим. Болалар уйини қўмсардим. У ердаги меҳр-мурувват, беминнат эътибор, ғамхўрликка зор эдим. Хўрлик ва таҳқирлар гўдак жонимни шу нечалик уйдан бездирдики, бир куни онамнинг сумкасидан пул ўғирлаб уйдан қочиб кетдим. Болалар уйининг сони эсимда қолмаганди. Лекин директор ойим билан ва тарбиячиларнинг исмлари юрагимга ёзилган эди. Уйдан ҳеч кимга билдирмай чиқдиму, маҳалла бошидаги бекатдан автобусга ўтирмадим. Қўни-қўшни билиб қолиб, тутиб уйга олиб келади деб қўрқдим. Пиёда бир қанча йўл юрдим. Ўша пайтдаги ҳолатимни эсласам қўрқувдан юрагим тарс ёрилади. 9-10 яшар қизча қўрқмай уйдан қочиб, болалар уйини излаб кетиши мен учун ҳозир қўрқинчли ҳолат. Чарчаб қолгандим, бир жойда ўтирдим. Қўрқдимми, қорним очдими, негадир йиғлагим келди. Ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошладим. Эшак минган бир бобо ўтиб кетаётиб менга кўзи тушди. Гапга солганди йиғлаб болалар уйини қидириб кетаётганимни, йўлда адашиб қолганимни айтдиму, асраб олинган уйимдан қочганимни айтмадим. Бобо “кимнинг қизисан, болам?” деб сўрайверадилар. “Ота-онам йўқ, болалар уйига кетяпман” деб йиғлайвераман. Охири, йўлдан ўтиб кетаётган машиналарнинг бирини тўхтатиб нималарнидир гаплашишди. Сўнг мени ўша машинага чиқариб юборди. “Машинада болалар уйига етиб оламан” деб роса қувондим. Лекин афсуски, у одам мени туман ички ишлар идорасига олиб борди. Бир кеча ўша ерда ётдим. Менга ўхшаган уч-тўртта уйидан қочган, адашган болалар бор экан. Бизга овқат, ётоқ беришди. Лекин мен уларга фақат болалар уйини қидираётганимни айтдим. Асраб олган ота-онамникига қайтишни истамасдим. Уларнинг қўлига тушсам мени аямай дўппослашларидан қўрқардим. Бир неча марта онам калтаклаган, отам томошабин бўлиб ўтирган эди. Бирибир ички ишлар ходимларининг ўзлари маълумот топишибди. Ота-онамни чақиртиришди. Улар етиб келганин кўриб даҳшатдан чинқириб бир милиция формасидаги опага ёпишиб йиғладим. Ўша ерда қаердан куч берди, Худойим, билмайман, опага ёпишиб йиғлаган кўйи:

— Мен булар билан бормайман, Саида ойим(болалар уйининг директори)га бораман, булар мени уришади, ҳар куни иш буюришади, китоб ўқисам уради,- деб бақирдим. Шу билан нималардир бўлиб, кун бўйи яна ўша ерда қолганмиз. Бу гал асраб олган ота-онам, болалар уйимизнинг директори Саида ойим ҳам келганлар. Ойимга йиғлаб ёпишдим. Шу ўтган икки ярим йил ичида мени бир марта ҳам болалар уйига, ойим, ўртоқларимн кўргани олиб боришмаганди. Уларни жуда соғинган эдим. Хуллас, мен яна болалар уйига қайтдим. Ва бошқа ҳеч кимга фарзанд бўлмасликка аҳд қилдим. Ўқидим. Спорт тўгаракларига қатнашдим. Тўққизинчи синфни тамомлаш арафасидалигимда яна одамлар келиб, фарзандликка бола олишмоқчи эканини, уларга ёши каттароқ бола кераклигини айтишибди. Гуруҳимизда бошқа миллат болалари кўп, ўзбеклар оз эди. Яна ўша оила мени танламоқчи бўлди.

— Бормайман!- дедим кескин.- Менга ота-онанинг кераги йўқ. Саида ойим ҳам отамиз, ҳам онамиз. Мен ўқийман, ўқишга кираман. Қишлоқда яшамайман!

— Булар қишлоқдан эмас, қизим,- дедилар Саида ойим.- Сендан катта қизлари, ўғиллари бор экан. Болалари Университетларда ўқир экан. Агар боласи бўлсанг сениям ўқитишмоқчи...

— Мен бир оилага боргандим, тинимсиз иш буюришади, китоб ўқисам уришарди,- дедим меҳмон аёлга қараб. – Мени бирор марта қизим демаган, мен “онажон” дердим. Улар “анави” дейишарди. Сиз ҳам шунақа қиласиз!

— Йўқ, қизим,- деди аёл маҳзун оҳангда.- Бизникида сизга ўхшаган опа-акаларингиз бор. Уларни ҳам “болам”, “қизим” дейман. Сиз мен билан юринг, бир ҳафтача яшаб кўринг, уйимиз, опа-акаларингиз сизга маъқул бўлса, бизга фарзанд бўласиз, йўқса, қайтиб келасиз...

Бу таклиф Саида ойимга ҳам, менга ҳам маъқул тушди. Эр-хотинларга эргашиб уйига бордим. Шаҳарда туришаркан. Йўл-йўлакай гаплашиб келдик. Эркак рулда, аёл орқа ўриндиқда менинг қўлларимни тутганча келдик. Икки қиз, икки ўғли бор экан. (Улар ҳам асранди эканини, учинчи ота-онам фарзанд кўрмаган, бадавлат одамлар бўлгани учун етмиларни савоб йўлига боққанини кейинчалик билдим). Қизлар югургилаб олдимга келишди. Хоналарига олиб кириб, китобларини, ўзига тегишли нарсаларини менга бериб кўнглимни олишга уринишди. Бир ўғил, бир қизлари Университетда ўқиркан. Қолган иккитаси мактабда. Иккинчи қизлари мен билан тенгдош экан. Бу уйда самимият, муҳаббат ва илиқлик тафти бор эди. Онамиз жуда мулойим аёл, меҳрибон. Отамизнинг ҳар бир сўзлари ҳикмат, Алҳамдулиллаҳ. Мен шу оилада тарбияландим. Оила муқаддаслигини, инсонларга раҳм-шафқат билан муносабатда бўлишни, муҳими, исломни танидим, алҳамдулиллаҳ. Олий ўқув юртига ўқишга кирдим. Таҳсилнинг илк йиллари онам мени излаб топди. Ўшангача ҳақиқий ота-онам қандай одамлар бўлган экан, деган ўй менга ором бермасди. Болалар уйидалигимда тарбиячиларимдан сўрагандим. Отам вафот этганини, онам қаерданги номаълумлигини айтишганди. Ўйлардим, эзилардим, “Ўз онам, ўз отам, ўз оилам бўлса мен ҳам бахтли бўлардим, ҳеч қачон йиғламасдим” деб армон қилардим, лекин ҳеч қачон уларни қидириб топишни ўйламаган эканман. Онам мени излаб уйимизга келганида уни кўриб аввалига бағрига интиққан бўлсам-да, бир зумда бу интилиш ўрнини совуққонлик эгаллади. Онам йиғлади. Ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Чақалоқлигимда автоҳалокатга учраб отам вафот этган экан. Онам эса мен ва уч ёшар акамни болалар уйига жойлаштириб, тирикчилик учун хорижга иш излаб кетади. Онамнинг оналари анча йил олдин ўтиб кетган, онам ўгай она қўлида ўсиб, узатилган эканлар. Дадамнинг вафоти билан оиламиз парчаланиб кетади. Бувим — дадамнинг онаси онам билан икки боласини уйдан ҳайдаб чиқаради. Турган гапки, онамнинг ўгай онаси икки бола билан турмуши бузилган ўгай қизини уйда хушламайди. Хуллас, биз етим бўламиз ва онам Ўзбекистонни тарк этадилар. Баъзан бу аччиқ қисматда онамни айбдор қилишни истамайман. Мажбур бўлган-да, иши бўлмаса, қайнонасининг уйига сиғмаган, ота уйидан бадарға бўлган аёл икки болани қандай боқарди, болалар уйида моддий жиҳатдан кам-кўстсиз яшадик-ку, деб онамни оқлашга уринаман. Аммо бизни болалар уйига жойлаштираётганда онам фарзандликка олувчилар болаларимни асраб олишса ҳам майли, мен безовта қилмайман, деган мазмунда тилхат берган эканлар. Хуллас, акамни беш ёшида бир оила асраб олиб кетган экан. Беш ёшли гўдак қизалоқ синглисини қаердан билсин? Онам чет элда турмуш қурган, у ерда ҳаёти яхшилигини, икки ўғли борлигини, моддий имконияти яхши, турмуш ўртоғи бадавлат одамлигини айтди.

— Акамни излаб топинг,- дедим.- Қаерда, ким билан бўлсаларингиз ҳам соғ-омон бўлинглар, фақат менинг ҳам жигарларим, онам борлигини билсам бўлди. Сизлардан ҳеч қачон ҳеч нарса таъма қилмайман...

Онам узоқ йиғлади. Негадир мен йиғламадим. Тошга айланган эканманми ё кўз ёшимнинг бари тўкилиб бўлган эканми...

Онамга қўшилишиб акамни ҳам топдик. Акам мендан кўра онамга кўпроқ меҳрибон экан, икки кун кўз ёшини тиймади. Уйланган экан. Фарзандсиз оила асраб олишган экан, ёлғизгина бола экан, қўшни вилоятда, қишлоқда яшар экан. Ҳозир акамнинг икки қиз, бир ўғли бор. Онам хорижда яшайди оиласи билан. Бориб –келиб юрибмиз. Ўзим рус тили ўқитувчисиман. Оилалиман. Икки фарзандим бор. Етимлик, оилага эҳтиёж шу қадар тинкамни қуритганки, турмуш ўртоғимга бошимни кўтариб тик гапирмайман. Сал орамизда хафачилик бўлса "Болаларим қийналади" деб юрагим ўртанади. Айтмоқчиманки, асрандилик изтироблари аччиқ, буни ҳеч кимга раво кўрмайман, лекин баъзида ўз оиламда, ўз ота-онам бағрида ҳозиргидек одоб-ахлоқ ўрганмаслигим, бугунгидек мавқега эга бўлмаслигим мумкин эди. Аллоҳ мени шундай хулқ ва сийратда кўришни истагани учун етимлик синови билан имтиҳон қилган, деб ўйлайман. Сиз ҳақингизда ҳам мулоҳазам шундай. Мени тинглаганингиз, вақтингизни ажратганингиз учун Аллоҳ сиздан рози бўлсин! Ҳурмат билан...”

Бу мактубни ўқиб аёл бардошининг нақадар кучли эканига яна бир марта гувоҳ бўлдим. Аллоҳнинг марҳамати, муҳаббати шуки, инсон бошига келган ва келаётган синовларни мусибат эмас, неъмат деб билади. Ва ҳеч кимга шикоят қилмайди. Зотан, дардингни яратилганга айтсанг кўпаяди, Яратганга айтсанг камаяди. Ҳамма гап мана шунда — яъни, инсон бошига тушаётган савдолар ҳақида фақат Роббисига шикоят қилиши ва Ундан нажот сўраб топинишида. Нажот, енгиллик, ҳикмат Ўзида. Унга яқинлашганинг сари дунёвий изтироблар ўз қийматини йўқотиб боравераради. Бу мен ҳаётда англаган энг олий ҳақиқат бўлди...

***

Алдаб келинаётган асранди болаларнинг яшашлари нақадар оғир экани ҳақида қандайдир тасаввурга эгамисиз? Бундай бола доим унга ёлғон сўзланаётганини билиб туради. Бола руҳиятини тасаввур қилаверинг. Ўзини тарбиялаётган, унга ибрат бўлиб изидан қадам ташлашга ундаётган инсонининг ёлғончи, мунофиқ эканини қалбан ҳис қилиб турган бола қандай қилиб у инсонга эргашади? Ундан тарбия олади? Ишонмаган инсонингдан қай тарзда ибрат оласан?..

Туғруқхонадан асраб олинган бир қиз ота-онаси ҳақиқий эмаслиги ҳақида туш кўради, бундай шубҳага боришга ҳеч қандай сабаб йўқ эди, бироқ орадан кўп йиллар ўтгач, ҳақиқатдан ҳам у асраб олинган қиз экани маълум бўлади. Аллоҳ таоло унга ушбу йўл билан ҳақиқатни билдирган. Бу қўшнилар, янги қариндошлар ёки кўчадаги одамлардан эшитгандан кўра қалбга камроқ шикаст етказса керак. Афсуски, аксар ҳолатларда шундай ҳам бўлади, шундан сўнг боланинг дили ранжиб, хафа бўлади, ҳатто асраб олган оила билан алоқаси бузилиши ҳам мумкин.

Асрандилик қисматим бўлгани ё мутаассил шу масала билан қизиқиб, ҳақиқий ота-онам, жигарларимни излаш ҳаётий мақсадим бўлгани учунми, асранди болалар қисмати билан боғлиқ ҳолатлар, воқеаларга кўп гувоҳ бўлганман. Жамият асранди болалага паст назар билан қараб, унга ҳатто ўзининг насл-насаби ҳақида билишни тақиқлаб қўйса, Ислом асранди болага бундай муносабатни қаттиқ қоралайди. Бола учун шунчалик мураккаб вазиятни инобатга олган ҳамда болани асраб олган ота-она томонидан болага манфаатли бўлади деб ўйлаётган ҳолларда ҳам ёлғон гапиришни таъқиқлаган шариат қанчалик адолатли, а! Шариат боланинг отаси исмини ўзгартиришни, унга ўз фамилиясини беришни, уни ўзининг ҳақиқий фарзандига ҳуқуқ жиҳатидан тенг қилишни тақиқлайди. Шариат, болани асраб олган ота-онага унинг ҳақиқий ота-онаси тўғрисида маълумот беришларини мажбурий қилиб белгилайди.

Болалар ҳуқуқи ҳақидаги конвенцияда бола “ўз ота-онасини билиш ҳаққига эгадир” дея таъкидланади. Қонунларда эса болани асраб олиш сири ҳимоя қилинади, уни ошкор қилиш учун эса жиноий жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган.

Асраб олинган болалар хаёлидаги тасаввурлари тўлиқ бўлиш учун ўзининг ҳақиқий ота-оналарини излашади. Томирлари ким эканини билмай қандай яшаш мумкин? Кимлигингни қаерданлигингни билмасанг - бундан оғир нима бор? “Ўзингникилар ичида - бегона бўлиб қандай яшаш мумкин?” Сени ҳали танимасдан туриб, сени ташлаб кетишга сабаб бўлган ҳолатларни билмайсан. Жуда кўп асраб олинган болалар ўзларининг ҳақиқий ота-оналари қандай кўринишга эга эканлигини узоқдан бўлса ҳам кўришни орзу қилишади. Кимдир наслий касалликларини билишни истайди. Шариат бўйича, нега асранди бола ўзининг ҳақиқий ота-онасини билиши керак бўлган сабаблар бор. Жамиятда ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетган, шунинг учун ҳам бундай болалар беихтиёр ўзининг ҳақиқий акаси ё укаси ҳамда опа ёки синглиси билан турмуш қуриб қўйиши мумкин. Улар ўзларининг ҳақиқий ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ва қариндошлари ким эканлигини билишмайди. Ҳақиқатни яшириш қандай оқибатларга олиб келиши мумкин эканини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Яқин қариндошлар бир-бирини билмаган ҳолда никоҳдан ўтишлари мумкин. Бу жуда қўрқинчлидир ҳамда буни кейин ўзгартириб, тўғрилаш мумкин эмаслиги эса янада қўрқинчлидир. Асранди бола уни фарзандликка қабул қилганнинг меросидан ҲЕЧ НАРСА олишга ҳақли эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, у уларнинг меросидан умуман ҳеч нарса ола олмайди. Мерос фақат туғишган фарзандлар орасида бўлинади. Шундай қилиб, асранди бола олдида қуйидаги танлов қолади: ёки қонунга амал қилиш ва мероснинг ўзига тегишли қисмидан воз кечиш ёки ҳуқуқий ҳийла ишлатиш ва уни асраб олган оила билан келишиб, ўз меросини ҳадя сифатида олиш. Асранди фарзанд ўзини асраб олган оиладан ҳадя қабул қила олади. Ота-она ўз асранди фарзандига бойлигининг 1/3 қисмидан ошмаган қисмини ҳадя қилиши мумкин. Шариатга кўра, ўз ота-онасининг меросига тўла ҳақли бўла туриб, бу ҳуқуқдан маҳрум бўлишади. Бу билан бундай болалар фақат мерос олиш учун ёки қандайдир бошқа мулкка талаб қилиш учун ўзининг ҳақиқий ота-оналарини излайди деган хаёлга бориш нотўғри. Қандайдир тушунарсиз муаллақ ҳолат бор, бизга тегишли бўлмаган нарсани олишга мажбур қилишади, қонунан ўзимизга тегишли бўлган нарсани олиш эса тақиқланган. Асранди қиз ота-оналари ёки акалари олдида ўранган бўлиши керак, чунки улар маҳрам эмас. Асраб олган она ҳам асраб олган ўғли вояга етгач ўраниши лозим бўлади. Агар асраб олган она асраб олган боласини гўдаклигида эмизган бўлса бола ва бошқа оила аъзолари ўртасида сут орқали қариндошлик пайдо бўлади. Бироқ бу ҳолат жуда нодир ҳисобланиб, асосан болаларни фарзандсиз оилалар асраб олишади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ушбу масалада шундай деганлар: “Бошқа ота-она қарамоғига, «фарзандлигига» олиб, тарбия қилинган бола Ислом фиқҳида “асранди бола” дейилади. Етимни, ёки қийинчиликда қолган оиланинг боласини олиб, шариат ҳукмига мувофиқ боқиш, тарбиялаш жуда ҳам савоб иш. Лекин Қуръони карим (Аҳзоб, 4–5) ҳукмига кўра, бировнинг боласини «ўз фарзандим» дейиш ҳаромдир. Бундай қилган одам гуноҳкор бўлади. Тутинган ўғил фарзанд ўрнига ўтмайди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: тарбияга олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ўз ҳақиқий отаси номи билан чақиринглар, деб тўғри йўлга ҳидоят қилади. Мабодо асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким экани маълум бўлмаса, улар сизга Ислом дини бўйича «қардошларингиз ва дўстларингиздир». Илоҳий ҳукм: “дин қардошим” ёки “дўстим” деб мурожаат қилишга буюради, “Ўғлим”, “фарзандим” деб мурожаат қилиш дуруст эмас.

Инсон наслини сақлаб қолиш асосий исломий масалалардан бири бўлганидан никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўпгина шаръий ҳукмлар юритилган. Булар ҳаммаси инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин ва шаффоф бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса, ҳаром-ҳалол аралашиб, ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб қолади. Инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-ҳариш ишлар юзага чиқади: маҳрамлик-номаҳрамлик қоидалари бузилади; бир кун келиб, ота ўз қизига ёки ака синглисига уйланиб қолиши эҳтимоли вужудга келади; мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ҳам ўнглаб бўлмас хатолар юзага келиши мумкин. Шунинг учун ҳам Исломда бу иш ҳаром қилинган. Айни чоқда, асранди бола бировни «отам» деб танлаши ҳам катта гуноҳдир. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким ўзи била туриб отасидан бошқанинг боласиман деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир», деганлар...” (“Тафсири Ҳилол”. 2-нашр. 4-жуз. Т., «Шарқ»)

Маълумки, никоҳланаётган инсонларга исми ва отасининг исми билан хутба ўқилади. Бир диндош синглимиз билан айни шундай ҳолат билан боғлиқ аянчли воқеа рўй берган эканки, унинг аламли ҳикояси кўнгилни титратади.

ОРЗУГУЛ ҲИКОЯСИ

“Ассалому алайкум, ҳурматли Абу Муслим. Мен ҳаётим билан боғлиқ аччиқ ҳикояни сизларга айтиб беришга жазм қилдим. Токи, ўқиган инсонларнинг мудроқ виждони уйғониб, ҳаётда менга ўхшаган кўнгли яримларнинг шу ярим кўнглига ҳам тош отгувчилар қилмишларини таҳлил қилишса. Мен оиламизнинг тўнғич фарзандиман. Ота-онам менга “Сени ўн беш йил кутганмиз. Ўн беш йил деганда Аллоҳ бизга қиз фарзанд берди” дейишарди. Мендан кейин икки укам туғилган. Мен ҳеч қачон ўзим ҳақимда асранди бола деган хаёлга бормаганман ва бундай нарсалар хаёлимга келмаган. Жуда эрка-тантиқ, ота-онамнинг арзанда қизи эдим. Айниқса, дадам мени жуда яхши кўрардилар. Ўн уч- ўн тўрт ёшимгача дадамнинг тиззаларида ўтириб овқатланардим. Укаларимнинг бири мендан бир ярим ёш, иккинчиси уч ёш кичкина эди. Бирин-кетин қувалашиб ўсдик. Ота-онам укаларимдан ҳам мени кўпроқ яхши кўрардилар. Дадам эркалаб-суйиб:

— Юзимни ёруғ қилган Орзуим!- деганларида кўнглим тоғдай виқор оларди. Мен ерда юриб эмас, ота-онамнинг қўллари кафтида улғайдим. Жуда кичкиналигимдан тиллою зебу зарларга буркадилар мени. Мактабда ўқитувчиларим тилла тақинчоқ тақиб келмаслигимни айтиб танбеҳ берса, онам югургилаб бориб ўша ўқитувчини уришиб келардилар. Хуллас, мен қизалоқлар тугул, катта одамлар орзу қилиб эришолмайдиган ҳаётда яшардим. Албатта тарбиям ҳам шу эркаликка лойиқ эди. Олтинчи синфда ўқиб юрган кезларимиз эди. Мен олдинги партада ўтирардим. Орқамда кўп болали оиланинг фарзанди бўлган синфдош қиз ўтирарди. Унинг қўллари қаварган, ёрилган, тинимсиз меҳнат қиларди. Тўғри, ўша пайтларда мен буни тушунмаганман, уни эпсиз қиз деб нафратланардим. Бир куни унинг сочида битлар ўрмалаб юрганига кўзим тушиб жирканиб кетдим. Ҳамма синфдошларнинг олдида юзинг кўзинг демай:

— Сен битлиқи менинг орқамда ўтирма! Йўқол, ўзи бизнинг синфимизда ўқишинг керакмас эди. Агар битинг менга ўтган бўлса, ойижоним сочимдан бит топсалар, сени синфимиз тугул, мактабдан ҳам ҳайдаб юбораман!- дебман... Қиз чинқириб йиғлаб синфдан чиқиб кетди. Ғалабамдан мамнун эдим. Дугоналарим ҳам доим чиройли кийинадиган, шоколад билан сийлайдиган мендай дугонаси борлигидан хурсанд, синфдан йиғлаб чиқиб кетган синфдош қизни масхаралаб кулардилар. Мана шу кун, бир мазлумани бола кўнглини болаларча андишасизлик билан синдирганим ҳаётимнинг муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Ўша куни мактабдан уйга қайтганимда дарвозамиз тақиллаб, синфдош қизнинг онаси қизини етаклаб кириб келди. Салом-аликка ҳам сабри чидамай онамга бақира кетди:

— Қани анави, ҳароми, асранди қизингиз?! У ҳаддини билмас экан, ўзим кимлигини тушунтирай деб келдим!..- Онам ҳанг-манг эдилар. Бақир- чақир овозидан қўрқиб кетиб ташқарига чиққандим, менга кўзи тушган аёлнинг жазаваси бадтар қўзиди:

— Ҳой, бузуқ студентнинг ташландиқ ҳаромиси, шумқадам! Қизимнинг сочида бити бўлса, товони кир бўлса ҳам ҳалол никоҳдан туғилган, ўз ота-онасининг бағрида яшайди. Сен сочи тоза, товони оппоқ ташландиқ, ҳаромисан! Онанг сени пахта даласидами, ётоқхонанинг шалоқ кроватидами ортириб олиб, туғиб, шармандаликка чидолмай мана буларга сотиб юборган. Сен тилингни тийиб юргин, битдан ҳазар қилишингни ҳаммага билдириб олифталик қилма, сендан ҳамма ҳазар қилади, аслида!..

Аёл шанғиллаганча ҳовлидан чиқиб кетди. Анчагача овози кўчадан ҳам эшитилиб турди. Онамнинг ранг-рўйга қараб бўлмас, чўкиб қолган жойидан туролмай қолганди. Мен нималар бўлганини тушуниб-тушунмай йиғлардим. Синфдошимнинг онаси айтган гапларни тушунмаган бўлсам-да, бир ҳақиқатни яхши тушуниб тургандим — мен уйида яшаётган одамлар ҳақиқий ота-онам эмас. Унда менинг ота-онам ким, қаерда улар? Нега мен бу ерда яшаяпман?..

Ўша воқеадан кейин ота-онам менга йиғлаб асранди эканимни, узоқ йиллар фарзанд кўрмай, ажрашиб кетмаслик учун туғруқхонадан бола асраб олганларини айтишди.

— Сен туфайли уйимизга, қалбимизга шодлик кириб келди, сен бизнинг ҳақиқий фарзандимизсан! Пойиқадаминг хуш келиб, икки ўғиллик бўлдик. Ўзинг биласан, сени ҳатто укаларингдан яхши кўрамиз,- дейишди. Уларга ҳеч нима демадим. Лекин ўшандан кейин мактабга боришни хоҳламадим. Бир оғиз “Энди бу мактабда ўқимайман” дегандим, ҳеч ким эътироз билдиришмади. Шаҳарга, холамнинг уйига юборишди. Мактабни ўша ерда давом эттирдим. Хола-тоғаларим ҳам мен яхши кўришарди. Эркалашарди. Лекин мен аввалги Орзугул эмасдим. Холам намоз ўқирдилар. Уларга қўшилиб намозни ўргандим. Намоз ўқисам, руҳим енгил тортар, қайғуларим унутилар эди. Холам ҳадис китоблар олиб берардилар. Ҳадисларни ўқирдим. Тушунмаган жойларимни холамдан сўраб олардим. Исломни таниш мени анча улғайтирди. Мактабни тамомлаб олий ўқув юртига ўқишга кирдим. Исломни чуқур ўрганиш, Аллоҳга бўлган муҳаббат мени араб филологиясига етаклади. Таҳсил мобайнида ўқиб- ўргандим. Миср араб Республикасига саёҳат қилдим. Бир қараганда, мендан бахтиёр инсон йўқ эди. Лекин ичимдаги изтироб, алам ва хижолатлик бир ўзим ва бир Роббимга аён эди. Ўзим униб-ўсган қишлоққа боргани хижолат чекардим. Синфдош қиз билан бўлган хунук воқеа бир лаҳза бўлмасин хаёлимдан кўтарилмасди. Дугоналаримнинг никоҳ тўйларига ҳам бормадим. Одамлар мени кўрсатиб: “Анави, валади зино, ташландиқ, асраб олинган” деб маломат қиладигандек туюлар, одамлар орасида юзим ловуллаб ёниб, ўзимни қайга қўйишни билмасдим. Бора-бора одамлардан узоқлаша бошладим. Камгап, одамови бўлиб бораётганимни ота-онам бетобликка йўйиб жуда сиқилиб кетишди. Юрагимда улкан хафалик бор эди. Аммо бу ранжиш кимга аталганини билмасдим. Ҳақиқий ота-онам (Бир лаҳзалик шаҳвоний нафсини тиёлмай, бадномликдан мени етти ёт бегона одамларга бериб юбориш билан қутулмоқчи бўлган кимсаларни ота-она дейишга тилим бормаса-да)данми ёки мени бир парча гўштлигимдан то ҳозиргача кўзининг қорачуғидек асраб-авайлаб боқиб ўстирган ота-онамданми ёинки ҳаётданми, билмасдимки, кимдан хафаман...

Менимча, ҳақиқий ота-онам ҳеч қачон мени қидирмаган бўлса ҳам керак. Боқиб олган ота-онам ҳам улар ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Уларга “Бир талаба қиз ҳомиладор бўлиб қолган экан, учрашиб юрган йигити ташлаб кетибди. Қиз боладан воз кечяпти, қишлоғиқа бола билан боролмас экан” дейишган. Туққан онам мени бир марта ҳам эмизмаган экан. Боққан онам сунъий сут ва озиқлантирувчи маҳсулотлар билан боқиб катта қилган эканлар. Хуллас, шўрпешона, этагига тавқи лаънат ёпишган бир бадбахтман. Афсуски, бу бахтсизликда менинг заррача айбим бўлмаса ҳам ҳамма маломат менинг бошимга ёғилади. Ота-онам балки ҳаётда йўлини ўрнини топиб кетгандир, бироқ мана шу тамға — ташландиқ валади зино эканлигим ҳаётда ўрнимни топишим, оила қуришимда халал берди.

Холаларимникида юрганимда тагли-тугли хонадондан совчилар чиқди. Инон-ихтиёрим ота-онамда бўлгани учун совчилар уйимизга бориб исми-расмини қилмагунича куёв билан учрашмадим. Унаштирилганимиздан кейин куёв билан учрашганда ҳам тақдирим ҳақида гап очмадим. Ўйлабманки, катталар ҳаммаси ўзаро гаплашиб олишган, куёв бўлмиш мен ҳақимда ҳамма гапдан хабари бор. Тўй куни белгиланди. Куёвни менга тақводор, илмли йигит дейишганди. Никоҳ ўқитишдан олдин ундан ўзим билан боғлиқ ҳолатим ҳақида сўрамоқчи бўлдим.

— Тушунмадим, асрандимисиз?!- Саволимдан ҳайратланди у.- Ҳали отангизнинг кимлигини, унинг исмини ҳам билмасангиз керак?..

— Ҳақиқий ота-онам кимлигини билмайман. Мен туғилган туғруқхонада онамга доялик қилган доя-шифокор рус миллатига мансуб аёл бўлган экан. Анча олдин у Россияга, яқинларининг олдига кўчиб кетибди. Ўзим ҳақимда ҳеч қандай маълумот ололмадим. Никоҳ ўқилаётганда менга асраб олган отамнинг исми билан мурожаат қилинса бўладими, деб шунга сўраётгандим...- Кўнглим алланечук дилсиёҳликни олдиндан сезиб қалқиб кетди. Йигит ўйга ботиб қолди. Бироз сукутдан кейин кетишга чоғланиб:

— Майли, қўнғироқлашамиз. Мен бора қолай,- деб совуққина хайрлашиб кетди. Тўй тўхтатилди. Куёвнинг онаси “Ўғлим илмли йигит, набираларим тагли-тахтли, насл-насаби аниқ хонадоннинг қизидан дунёга келишини истайман. Қизларингиз яхши, лекин ҳамма гап қонда, наслда! Биз насабининг тайини йўқ қизни келин қилмаймиз!” дебди онамга. Онам бояқишнинг қон босимлари кўтарилиб, анча пайт бетоб ётдилар. Албатта тўйимнинг бузилгани менга ҳам озмунча ситам етказмай қолмади. Бироқ аввалдан шундай ҳолатларга тайёр бўлганим учун бироз осон енгдим, шекилли. Шу воқеа сабаб бўлиб ҳақиқий ота-онамни қидиршга тушдим. Аввалига онам мунғайиб қолдилар. “Ота-онасини топса биздан воз кечиб кетади” деган хаёлга бордилар чоғи. Аммо ҳеч қачон бундай ўйламаганман. Мен учун мени шу даражага етказган ота-онам ҳаммадан азиз ва ҳурматли. Нонкўр эмасман, ҳаммасини биламан, алҳамдулиллаҳ. Бироқ аслиятим, насл-насабимни билиш учун ҳам менга ҳақиқий ота-онамни топиш муҳим эди. Юрагимни ўртайдиган бир жавобсиз савол бор эди: “Отамку мен туғилмасдан валади зино боланинг юзқаролигидан ўзини соқит қилиб, мендан воз кечибди. Наҳотки онам бир марта бўлса ҳам мени эсламади? Қидириб кўрмади?.. Бу оғриқли савол аввал фақат қалбимда, ўзимда пинҳон эди. Охири бир куни онамдан сўрадим.

— Бола асраб олинаётганда боласини бераётган одамга бу шартлар қўйилади. Яъни боланинг ҳақиқий ота-онаси ҳеч қачон уни изламасликка, асраб олган хонадоннинг тинчини бузмасликка келишилади...

— Бу нотўғри-ку? Мана, оқибати яхшилик бўлмади-ку, ойи? Менга ўхшаган қанча одамлар ҳақиқий ота-онасини тополмай, аслияти кимлигини билолмай сарсон юргандир!

— Билмасам, болам, билмадим. Тақдирнинг ишлари-да, нима дейсан, энди? Бола асраб олаётганлар асранди боласи ўз фарзандидек бўлишини истайди. Ҳеч ким асранди боласи катта бўлиб, ўз оиласи топилгач, асраб олган оиласини ташлаб кетишини истамайди.

— Бу инсон устидан ҳукмронлик-ку, ойи? Мутлақо нотўғри. Шариат ҳам буни ёқламайди. Бировнинг боласи ҳеч қачон инсонга ўз боласи бўлмайди!..- Бу гапим онамга малол келдими, ҳўнграб йиғлаб юбордилар. Кўнгилларини оғритишни истамасам-да, ҳақиқат шу эди. Ўша кундан бошлаб ҳақиқий ота-онамни излашга тушдим. Отамни топишдан умидимни узган эдимкуя, лекин онамни излаб топишимга ишонардим. Бироқ ҳар қанча ҳаракат қилмай, бу муаммоимнинг мушкулотига ечим тополмасдим. Афтидан, доя аёл онамни расмий рўйхатдан ўтказмай, туғруқхонада бировга билдирмай яширинча туғдирган ва асраб олган ота-онамга мени пуллаган кўринарди. Одамга қанчалик алам қилади, а? Ҳам асранди, ҳам одам савдосининг қурбони бўлсанг. Бунинг устига ўз туққан онанг пулга сотиб, ҳамма ахлатни, маломатни сенга ағдариб, пешонангни шўр, сени бахтсизликка маҳкум қилиб ялло қилиб ҳаётида давом этсаю, сен шўришларингни қандай ювишни билмай, уни излаб ҳар томонга сарсон юрсанг! Бу толесизликни инсон тугул, ҳайвонга ҳам раво кўрмайман! Мана, сизга бир валади зино асранди қизнинг қисмати. Инсонларнинг ҳаётга енгил қараши, ҳалол-ҳаромни фарқламаслиги, гуноҳдан тийилмаслиги ва энг асосийси Аллоҳдан узоқлашгани сабабли ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда айбдор ва бахтсиз бўлиб қолган қиз — менинг келажак қисматим қандай бўлиши ёлғизгина Роббимга аён. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шукр ва дуони канда қилмайман. Аллоҳнинг Ҳақиқий Дийдор куни бор, алҳамдулиллаҳ. Ва У кунда ҳамма ўз ҳаракати учун жавоб беради, ҳисоб беради. Ана шу ҳақиқат қалбимга ҳаловат бағишлайди. Ҳурмат билан Орзугул...”

Бу муслима синглимизнинг мактубини ўқиб бир пайтлари ўзим чеккан изтироблардан қолган жароҳатим тирналди. Мен ҳам ўзимни валади зино бўлсам керак, онам никоҳсиз бола орттиргани учун мени туғиб, ташлаб кетган бўлса керак, деб ўйлардим. Беш -олти йил аввал ёзувчимиз Тоҳир Малик (Аллоҳ улардан рози бўлсин!)нинг уйларида улар билан бир иш устида уларникида бир кун бирга бўлганман. Намоз вақти киргач мени олдинга ўтказиб, имом қилиб қўярдилар. Ноилож Устознинг гапларини ерда қолдирмаслик учун имом бўлардим. Олдинлари “Валади зинонинг имом бўлиши макруҳ” деб эшитгандим. Шу боис жамоатларга кўп чиқмасдим, баъзан кўп эҳтимолга кўра имомликка ўтишим керак эди. Имомликка ўтиб қолсам анча вақт катта гуноҳ иш қилгандай ич-ичимдан эзилиб юрардим. Валади зино эмаслигимни билганимда энг аввало шунинг учун хурсанд бўлгандим...

***

Хуллас, йиллаб кутган орзуим кутилмаганда ушалди. Кичкина акам мени топди, телефон орақли суҳбатлашдик, танишдик. Кўришдик… Ғалати а, одам ҳам ўз туғишган акаси билан танишадими, қирқ йил ўтиб кўришадими? Отамиз ва бошқа қариндошларимиз бошқа шаҳарда, қўшни Республикада яшашар экан. Виза ва бошқа масалалар бўлиб беш-олти ой ўтгач, ниҳоят, улар билан кўришдим, алҳамдулиллаҳ! Бироқ, ёшлигимдан улар учун атаб қўйган, бир умр орзиқиб, энтикиб кутган ана шу қувончли дамларимда айтишим керак бўлган сўзларни уларга айта олмадим... Шунча вақт юрагимнинг туб-тубида йиғиб юрган дардимни, айтмоқчи бўлиб юрган сўзларимни уларга айтишим тўғрими ёки нотўғри, била олмадим…

Отам ва жигарларимни кўргани боргунимча минг бир чиғириқли ўй, минг битта руҳий ғовни енгиб ўтишим керак бўлди. Қайси йўлни танлашни билмай турганимда устозим шайх ҳазратларига арз қилиб, дарди дилимни тўкиб солдим:

— Сизга маълум бўлсинки, бундан 5-6 ой олдин йўқотган қариндош-уруғларим билан топишдим. Ўшанда уларнинг кўплаб таклифларига қарамай, туғилган юртимга бориб, қариндошларим билан кўришиб кела олмадим. Паспорт ва виза масалалари муаммо эди. Энди муаммо ҳал бўлди, ҳорижга чиқиш учун паспорт олдим. Виза олишим керак (икки ойдан бери моддий муаммолар туфайли бунинг уддасидан чиқа олмаяпман). Бундан ташқари, йўл харажатлари бор, бемор отамга бир-икки сўм ҳам бериб келишим керак. Хуллас, бора олмаслигимга тобора амин бўлиб боряпман. Вақт эса ўтмоқда... Энди хаёлимда бормасликка баҳона излаяпман. “Ўзлари ташлаб кетган, нега боришим керак ва ҳоказо шу каби аламзадаликка тортадиган фикрлар. Шу тўғрими?

Қалбим ҳижрон ўтида ўртанаётгани рост, аммо боришга, кўришишга имкон йўқ. Отам, акаларим кунига чақиришади, қалбимдаги шундоқ ҳам ёнаётган оловга мой сепишади. Ўзи улар мени нега топишди, қийнамоқ учунми?.. Бормасам гуноҳкор бўлмайманми? Боришни тоқатимдан ташқаридаги нарса деб ҳисоблаяпман. Шундан ўзимни бахтсиз ҳис қиляпман. Шу тўғрими?.. Отам ёшлигимда ташлаб кетган бўлса ҳам, унга ғаразим йўқ, начора, тақдир экан. Бироқ, ташлаб кетган бўлса ҳам хизматини қилиб, дуоларини олишим керакми? Оталик ҳаққи фақат дунёга келтириш билангина ҳосил бўладими ёки фарзанди олдидаги ҳақларини адо қилсагинами? Акаларим билан, уларнинг фарзандлари билан деярли ҳар куни интернет орқали гаплашиб тураман. Дадам ҳар куни мени сўрар эканлар. Бормаётганимга қалби ранжиса, гуноҳкор бўлиб қоламанми ёки парво қилмайинми?..

Шайх ҳазратлари роҳимаҳуллоҳ:

— Қариндошлик алоқаларини узманг, уларнинг олдига боринг, аммо бу ёқдагиларни ҳам хафа қилманг,- деб жавоб бердилар…

Шундан сўнг ота юртга отландим…

Дийдор онларини тасвирлашга қалам ожиз. Дийдоргача ҳар кун хаёлимда, ҳар тун тушимда кўрганим, орзу оламимнинг туман ортидаги тасвирларини англатиш тилимга оғир. Бу ҳисни менинг ҳолатимга тушганлар, мен чеккан изтиробларни тортганлар ҳис қиладилар. Отам билан илк бор кўришганимда йиғлаб юбордим. Ўзимни тута олмай қолдим, ҳиссиётларга берилиб кетдим. Йўқ, берилиб кетдим эмас, балки ўзимни ҳиссиёт уммонига отдим, десам тўғри бўлса керак. Ёши қирққа етган, ўн ёшидан бери кўз ёши нималигини билмаган одамнинг кўзидан беихтиёр сел каби ёш оқса, қизиқ бўлар экан. Ўттиз йил ичида йиғилиб қолган кўзёшларим ҳам кўп экан, битта томчиси ҳам қолмай, дарёдек оқиб чиқди. Ўзимдан жуда ҳайратда қолдим. Мен ўзимни билмас эканман, мен ўзимни назорат қила олмас эканман. Ҳиссиёт кучли экан, балки бу ҳиссиёт эмас, балки аламдир кўзимдан сув бўлиб оқиб чиққан, энди ичимда алам, дард қолмадими, улар энди йўқми?..

Аллоҳ таоло раҳматининг инсон кўзида томчи-томчи ҳолда намоён бўлишидир кўз ёшлар! Айтинг-чи, қай бир саодат ундан мазалирок, қай бир ҳузур ундан самимийроқ? Кўп йиллардан бери соғинганмиз кўз ёшларини. У ҳақда улуғларни елкасида кўтарган ердан, тошлардан, бошпана бўлган уйлардан, масжидлардан сўранг! Жиққа ҳўл бўлган жойнамозлардан, соғинчи ичига сиғмай тирс-тирс ёрилаётган масжидларнинг устунларидан сўранглар кўз ёш нималигини... ва бутун умр ота-онасини кўриш орзусида яшаган етимдан сўранг, кўз ёш нелигини. Асранди бўлиб яшаётганини биладиган, тенгдош дўсту ўртоқлари ота-онасига эркалик қилганида, ўзини асраб олган ота-онасига музтар тикилган мурғак қалбдан сўранг кўз ёш нималигини! Болалар ўз ота-онасига шўхлик-бебошлик қилиб, танбеҳ эшитса илжайиб қочади, танбеҳ эшитганида яримгина кўнгли чил-чил синиб, йиғлаб юборишдан қўрққанича кўксидаги хўрсиниқни қалбига яширган асранди болакайдан сўранг кўз ёш нелигини. Эй йиғлашни унутганлар, беғаму бедардлар, йиғланадиган ҳолларига кулаётганлар! Келинглар, беғамлигимиздан воз кечиб, биргаликда йиғлайлик, жаҳолатимизга, гуноҳларимизга, йўқотганларимизга, қусурларимиз кўплигига, туйғуларимизнинг дағаллашганига, қалбимизнинг тобора қаттиқлашиб бораётганига йиғлайлик...

Бахтли эдим. Ҳа, барибир бандамиз. Бандалик хусусияти билан, дунё саодатини ота-она, жигарлар билан бағрибутунликда кўрамиз. Зотан, булар ҳам Аллоҳнинг бандаларига берган неъмати. Мен отам ва жигарларим билан дийдор кўришиш насибини дуоларим, тунлари Роббимга ёлвориб, жойнамоз устда хўрсиниб тўккан кўз ёшларим учун Аллоҳ таоло берган мукофоти деб ҳисобладим орзуларим ушалганини. Алҳамдулиллаҳ, энди валади зино эмаслигимдан бир севинсам, ота ва жигарларим билан топишганимдан минг қувонардим.

***

Аммо ҳаммаси фақат шу қувонч билан боғлиқ эмас экан. Астойдил қувонишимга монелик қиладиган ҳолат — буёқдаги ота-онам бундан хабар топсалар қай аҳволга тушишларини ўйлаш бўлди.

Болалигимдан парвариш қилиб, не-не орзу-ҳаваслар билан мени катта қилган яхши одамларга, азиз инсонларимга энди нима дейман? Биламан, уларга яхши қараш, яхшилик қилиш инсонийлик бурчимдир. Бироқ, уларга бор ҳақиқатни қандай айтаман? Айта оламанми ўзи? Айтишим керакми ёки йўқ?

Уйга қайтганим билан қалбим, янги топган оила билан бирга қолганди. Ҳар куни интернет ва бошқа алоқа воситалари билан алоқада бўлиб турардик. Бу ёқдаги ота-онамга бу ҳақда ҳали овоз очмадим. Аммо улар бўлиб ўтган воқеалардан аллақачон хабардор эканлар. Хуллас, булар билан қачонлардир гаплашишимиз лозим бўлган масала ҳақида гаплашиш вақти етиб келаётганди. Қирқ йилдан бери кутиб юрган дақиқалар яқинлашгани сайин, мен бундан чўчишни бошладим. Бу ҳақда гап сўз бўлмасликни истардим. Аммо...

Ота-она хонамга кириб, сен билан муҳим нарса ҳақида гаплашмоқчимиз деб гап бошладилар.

Отахон:

— Аллоҳ таоло бизга фарзанд кўриш бахтини насиб қилмади. Сўнг сени асраб олдик,- дедилар. Сўнг, ота-онам яна кўп нарсаларни гапирдилар, олам йиғига тўлиб кетди, гўё... Мен уларни тинчлантиришга уриндим. Пайғамбаримиз ҳаётларини айтдим. Улар ҳам етим ўсган, улар ҳам асраб олганлар дедим. Етим боққанлар пайғамбаримиз (сав) билан жаннатда бирга бўлади, деган мазмундаги ҳадисларни айтиб бердим. Йиғи тўхтамади...

Онахон:

— Сен топган ва алоқа қилиб юрган оиланг, ҳақиқий ота-оналаринг улар эмас, -деб қолдилар. Мени хаёлимда, рашк қилаётганидан, улардан қайтаришга уриняпти, деб ўйладим. Дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди.

Отахон эса:

— Сенинг отанг миллати поляк, онанг эса корейс бўлган- деб ерга тикилиб, елкалари титраб-титраб йиғладилар. Хаёлимдан “энди бу ёғи фантастика бўлиб кетди”, деган ўй ўтди. Ота-онам сўзларини исботлашга тушиб кетдилар. Уларнинг ҳолатини “ўзларича мен учун курашяпти, оиламни топганим уларга ёқмади, шунинг учун бу нарсаларни тўқиб айтяпти” деган хаёлга бордим. Тўғрида, бутун умр ўзбек бўлиб яшаган бўлсам, ўзбекларни яхши кўрган бўлсам, ўзбеклигимдан фахрланиб, уни тарихи ва адабиётини жондан ортиқ яхши кўрсам қанақа поляк, қанақасига корейс бўлай, ахир?!.. “Бу савдоларнинг охири борми?!” деган ҳайқириқ юрагимни ўртарди. Нима тўғри, нима ёлғонлигини билолмай кархат аҳволда қолгандим. Қалбим эса “Сен топган кишилар ҳақиқий оиланг, отанг тирик, жигарларинг билан топишдинг” деб тасалли берарди...

Хуллас, ҳужжатларни ва бошқа керакли нарсаларни текшириб чиқдим. Энди ҳақиқий оиламни топдим. Битта опачам, бешта укам ва бир синглим бор экан. Ҳаммаси етимликнинг аччиқ заҳрини тортган. Айни вақт ҳаммаси ўзи билан ўзи, оилалари бор. Улар насроний эътиқодида улғайган бўлсалар ҳам улар билан борди-келди қилиб турибман...


* * *

Бу орда Устозим шайх ҳазратлари дорул бақога кетдилар. Кўз ёш, йиғилар йиғиларга уланиб кетди. Ўзимни анча йўқотиб қўйдим. Ота-онам кимлигини билиб, улар билан алоқа ўрнатиб бахтиёр ва маъсудликдан бошим еттинчи осмонда бўлганида азиз инсонимни йўқотиш худди осмон ўпирилиб тушгандек бўлди...

давоми бор... (инша Аллоҳ)

Масъул муҳаррир: Умида Азиз

 

Савол беринг


Ҳимоя коди
Янгилаш